Қошиқчининг судига валиаҳд шаҳзода Салмонни ҳам тортиш таклиф қилинди
Олам
−
06 Июль 2020
5633Аввал хабар берганимиздек, 3 июль куни Истанбулда 2018 йилнинг 2 октябрь куни Истанбул шаҳрида жойлашган Саудия Арабистони консулигига кириб кетиб, қайтиб чиқмаган, кейинроқ, ўлдирилгани аниқланган журналист Жамол Қошиқчи жинояти бўйича биринчи суд эшитуви бўлиб ўтди.
Ушбу судда БМТнинг суддан ташқари қотиллик бўйича махсус маърузачиси Агнес Калламард ҳам иштирок этиб, ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Унинг қайд этишича, Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши юзасидан Туркияда ўтаётган суд Саудия Арабистонидагига қараганда анча шаффоф ва ишончли. Вакил ушбу судда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмоннинг ҳам номи тилга олинишини истамоқда.
Унинг сўзларига кўра, бу жараён "диктаторларга жуда муҳим сигнал юборади".
"Бугун биз диктаторларга журналистларни ўлдиролмасликлари ва жазосиз қолишлари мумкинмаслиги тўғрисида хабар юбормоқдамиз.
Саудия Арабистонидаги суд қонуний комедия эди. У яширин тарзда ўтказилди ва ҳеч қандай ҳақиқий жиноятчилар судга тортилмади, шунинг учун у қонун устуворлигидан маҳрум эди”, дея таъкидлади махсус маърузачи.
Ар-Риёд сиёсатига оид танқидий мақолалари билан танилган Қошиқчи 2017 йилдан бери АҚШда яшаб, “The Washington Post” газетасида ишлаган. У 2018 йилнинг 2 октябрь куни ўз мамлакатининг Истанбулдаги бош консулхонасига ташриф буюрганида ғойиб бўлган. 20 октябрь куни Саудия расмийлари журналист тўқнашув натижасида дипломатик ваколатхона биносида ўлдирилганини хабар қилди. Халқаро ҳамжамият ушбу жиноятни қоралаб, Риёдни шаффоф тергов ўтказишга чақирди.
Саудия Арабистони Бош прокурори 2018 йил 15 ноябрда терговнинг дастлабки натижаларини эълон қилди: қиролликнинг 11 фуқароси қотилликка алоқадорликда айбланиб, улардан беш нафари ўлим жазосига маҳкум этилди.
Ўтган йилнинг декабрь ойида Саудия Арабистонида яна уч кишига жами 24 йиллик қамоқ жазоси тайинланган эди.
“Бу судга қонунийликни таъминлайди. Жараён Туркия учун ҳам, ҳақиқатни аниқлаш учун ҳам муҳимдир. Ишончим комилки, натижада кўпроқ маълумотлар пайдо бўлади.
Иш адолат, қурбонлар ва Жамол Қошиқчи учун жуда муҳим”, дейди у.
У судда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмоннинг исми ҳам тилга олиниши кераклигини таъкидлади. Калламарднинг айтишича, валиаҳд шаҳзода бўлиб ўтган ишларга алоқадор бўлган.
“Бин Салмоннинг ушбу жиноятда иштирок этганига оид далиллар бор деб даъво қиладиган ягона мамлакат АҚШдир, аммо Оқ уй бу иш терговига вето қўйди. АҚШ сайловлари яқинлашмоқда, эҳтимол бу муносабат ўзгариши мумкин”, дея қўшимча қилади Агнес Калламард.
Жорий йилнинг 3 июль куни Истанбулда таниқли саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши устидан очилган жиноят иши бўйича суд бошланди. Судда унинг қаллиғи Ҳадича Ченгиз ҳам кўрсатма берди.
Тергов натижаларига кўра, прокуратура Саудия Арабистонининг Истанбулдаги дипломатик ваколатхонасида юз берган қотилликда иштирок этган 20 кишининг исмини 117 саҳифали айблов хулосасига киритди. Уларнинг барчаси халқаро қидирувга киритилган.
Кейинги суд мажлиси жорий йилнинг 24 ноябрь куни бўлиб ўтиши белгиланди.
LiveБарчаси