Қорақалпоғистонда солиқни вақтида тўламаганларга чора кўрилмайди  

Жамият

image

Қорақалпоғистонда ҳисоботларини белгиланган муддатларда топширмаган солиқ тўловчиларга нисбатан жавобгарлик ва таъсир чоралари қўлланилмайди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси Матбуот хизмати маълум қилди.

“Жорий йилнинг 3 июлидан 2 августига қадар республикада фавқулодда ҳолат жорий этилганлигини инобатга олиб, ушбу ҳудудда фаолият юритаётган солиқ тўловчиларга нисбатан фавқулодда ҳолат даврида солиқ ҳисоботларини белгиланган муддатларда тақдим этмаслик ҳолатлари бўйича жавобгарлик ва таъсир чоралари (банкдаги ҳисоб рақамлар бўйича операцияларни тўхтатиш, ҚҚС гувоҳномасини амал қилишини вақтинча тўхтатиш) қўлланилмайди”, дейилади хабарда. 

Айтиш жоизки, Ўзбекистон Президентининг тегишли фармонига мувофиқ Қорқалпоғистон Республикасида жорий йилнинг 3 июлидан 2 августига қадар фавқулодда ҳолат жорий этилганди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1-2 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.

Шундан сўнг, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди. 

Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.

4 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид моддалар ўзгартирилмаслиги ҳақида қарор қабул қилди.

Содир бўлган воқеаларда 516 киши қўлга олинди, 243 киши жароҳатланди, 18 киши қурбон бўлди. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми – “Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш” билан жиноят иши қўзғатилди


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

62

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг