“Қонунга зид”. “Тозалик рейди” ўтказаётган ҳокимлар бўйича изоҳ берилди
Жамият
−
06 август 6804 2 дақиқа
Аввалроқ, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасанов маҳаллалардан бирида “тозалик рейди” ўтказгани ҳақида хабар берилган эди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда ҳоким хонадонлардан бирига кириб, уй-жой ҳудудидаги тартибсизликлар, чиқиндилар ва санитария ҳолатини танқид қилгани кўринади. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси матбуот котиби Жобир Асқаров мазкур ҳолатлар бўйича QALAMPIR.UZ’га изоҳ берди.
Унинг билдиришича, Президентнинг жорий 16 июль ўтказилган селектордаги топшириғидан келиб чиқиб, маҳаллаларда кўнгиллилар иштирокида ободонлаштириш тадбирлари ташкил этиляпти. Бу тадбирлар дам олиш кунлари куннинг илиқ пайтида ҳам қилиняпти.
“Аммо хонадонларга кириш, аҳолини сўроққа тутиш каби ҳолатлар бўйича уюшма томонидан тўғридан тўғри топшириқ берилмаган. Бундай ҳолатлар қонунга зид”, дейилади изоҳда.
Эслатиб ўтамиз, Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасанов ўтказган рейд тармоқларда кескин муҳокамаларга сабаб бўлди. Ушбу ҳолат бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вилоят ҳокимлигига қонунчиликда белгиланган тартибда хизмат текшируви ўтказиш ҳамда ҳуқуқий баҳо бериш бўйича тақдимнома киритди.
Бундан ташқари, Тошкент вилоятининг Чиноз тумани ҳокими Шерзод Солиҳов йиғилишда туманда ҳудуди ободонлаштирилмаган ва тартибга келтирилмаган маҳаллаларга “Шармандали маҳалла” ҳамда талаб даражасида сақланмаган хонадонларга эса “Уятли хонадон” ёзувларини ўрнатишни буюрди. Ҳоким “Бирлик” маҳалласида ўтказилган йиғилишда мазкур маҳалла вилоят раҳбарияти топшириғи асосида таянч ҳудуд сифатида танланганини айтган. Бунга сабаб эса йўл бўйида жойлашгани ва кўпчилик эътиборига тушадиган ҳудудлардан бири экани бўлган.
Маълумот учун, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 16 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳаллаларда ободончиликни рағбатлантириш мақсадида йил якуни билан “Энг ораста хонадон”, “Энг файзли ҳовли”, “Энг обод кўча” ҳамда “Энг намунали маҳалла” каби номинациялар жорий этилиши маълум қилинган эди.
Live
БарчасиҚўйлиқда ҳам ёнғин содир бўлди
06 август
Ян Диоманде расман “Реал Мадрид”га ўтди
06 август