Қодировнинг 16 ёшли ўғли яна бир лавозимни эгаллади
Олам
−
16 Декабрь 2023
10261Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг 16 яшар ўғли Адам Қодиров яна бир лавозимни эгаллади. У эндиликда “Байсангур Беноевский” батальонининг ҳам куратори бўлди. Бу ҳақда Чеченистон миллий сиёсат, ташқи алоқалар, матбуот ва ахборот вазири Аҳмад Дудаев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, кичик Қодиров “болалигидан ҳақиқий жангчи характерига эга бўлган, вақт ўтиши билан у ўзини моҳир ташкилотчи сифатида намоён этган.
Вазир таъкидлашича, Чеченистон раҳбарининг ўғлига юкланган вазифа масъулиятли ва мураккаб. Шу билан бирга, Дудаев 16 ёшдаги ўсмир бунинг уддасидан чиқишига 100% ишонч билдирган.
Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойи охирида Адам Қодиров “Шайх Мансур” батальонига куратор этиб тайинланган эди. Шу пайтгача у 1-даражали “Ислом динига хизматлари учун” ордени, “Чеченистон қаҳрамони” унвони, “Кабардин-Балкар Республикаси олдидаги хизматлари учун” ордени ҳамда акалари Али ва Аҳмад қаторида Чеченистон парламентидаги рағбатлантиришнинг энг юқори шакли – “Даймехкан Сий” (Ватан шарафи) ордени билан мукофотланганди. Ноябрь ойи бошида у отасининг хавфсизлик хизматида “муҳим” ва “масъулиятли” лавозимга тайинланган.