Қодиров Путиндан Украинага кенг кўламли ҳужум бошлашни сўради
Олам
−
28 Февраль 2022
20404Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Россияни Украина ҳудудида барча йўналишларда кенг кўламли операцияни бошлашга чақирди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram каналида ёзиб қолдирган.
“Аниқ қарор қабул қилиш ва Украинанинг барча ҳудудида кенг кўламли операцияни бошлаш вақти келди. Мен ҳам бир неча бор террорчиларга қарши тактика ва стратегияларни ишлаб чиққанман, жангларда қатнашганман. Ўйлашимча, Украинага ҳужум қилиш бўйича жуда суст тактика танланган. Бу узоқ давом этади ва самарали эмас”, деб ёзган Қодиров.
Шунингдек, Қодиров Украинадан миллатчиларни чиқариб ташлашга чақариш кераклигини урғулаган.
“Шаҳар ва қишлоқларни бандеровецлар (1940-59 йилларда Степан Бандера томонидан бошқарилган Украина миллатчилар ташкилоти), “Азов” ҳамда бошқа миллатчилардан озод қилишимиз лозим. Ҳарбийларнинг ҳаракатини мувофиқлаштириш, кучларни тўғри тақсимлаш ва ҳал қилувчи ҳужумни амалга ошириш зарур. Бошқа ҳеч нарса керак эмас”, дейди Чеченистон раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, миллатчилар ҳокимиятни ушлаб қолиш учун саккиз йилдан бери ўз халқини ўлдирмоқда.
“Россия мазлум халқ ҳимоясига чиқди ва бунинг натижасида бизга қарши ҳар хил санкциялар қабул қилинди. Европа, Ғарб Россияга зарар етказиш учун ақлга сиғмайдиган барча ишни қилди. Хўш, нега энди тўхташимиз керак? Бошлаган ишимизни охирига етказишимиз ва ортга қарамай, олға интилишимиз зарур. Нима бўлса бўлар. Урушда вайрон ҳам қилинади, ўлдирилади ҳам. Афсуски, буларсиз жанг қилишни иложи йўқ. Аммо агар Украина халқи ва Қуролли кучлари биз билан мулоқот қилишни истамаса, музокараларни четга суриб, нацистлар ва шайтонларга қарши чора кўриш ниятида бўлмаса, биз бошлаган ишимизни зудлик билан якунлашимиз лозим”, дейди Қодиров.
Қодиров гаплари сўнгида, Россия Президенти Владимир Путиндан Чеченистонда кексалар ва болаларни ўлдирган фашистлар ҳамда террорчилар билан жангни тугатиши учун махсус кучларга кўрсатма беришини сўраган.
Аввалроқ, Чеченистон Украинага махсус ҳарбий операцияда қатнашиш учун 10 минг чечен ҳарбийларини жўнатганди. Орадан кўп ўтмай Украина томони Қодировнинг элита полки йўқ қилинганини маълум қилди.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
LiveБарчаси