“Қиёт”, “Қипчоқ”, “Чоштепа”: Тошкент метросининг ер усти бекатларига ном берилди
Жамият
−
10 Август 2023
7923Бугун, 10 август куни Тошкент шаҳридаги 19 та ер усти метро бекатига янги ном берилди. Бу бўйича “Тошкент метрополитенининг ер усти йўли бекатларига ном бериш тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарор билан, “Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз йиллиги” ер усти метро ҳалқа йўлининг “Дўстлик – Қўйлиқ” йўналиши 1-14-бекатларига, “Чилонзор” йўлининг “Олмазор – Сергели” йўналиши 1-5-бекатларига (жами 19 та бекат) номланган.
Метро бекатларига танланган номларнинг аксарияти ўша бекат атрофидаги маҳалла ёки таниқли объектга атаб қўйилган. Аммо уларнинг ичида “Қиёт” ва “Қипчоқ” каби этнотопонимларнинг метро бекати номи сифатида танланиши эътиборга молик.
Маълумот учун, “Қиёт” ўзбек уруғларидан бирининг номи бўлиб, XI-XII асрларда Мўғулистонда яшаган. Қиётлар XIII асрда Чингизхон юришларида иштирок этиб, кейинчалик унинг набираси Жўжихон билан бирга Дашти Қипчоққа борган ва Олтин Ўрда давлати таркибида яшаган. Кейинчалик Олтин Ўрда емирилгач, Абулхайрхон томонидан 1428 йилда асос солинган Ўзбек улуси таркибида бўлган. XVI асрда эса унинг набираси Шайбонийхон билан Мовароуннаҳрга, бир қисми эса Элбарсхон билан бирга Хоразмга келиб ўрнашган.
Абулғозий Баҳодирхон ўзининг “Шажарайи турк” асарида ёзишича, “қиёт” мўғулчада “тоғдан оққан сел” маъносидаги “қиён” сўзининг кўплиги ҳисобланади. Қиёт уруғи уч тармоққа бўлинган: уч тамғали, тароқли ва болғали. Қиётлар Қашқадарёнинг юқори оқими, Хоразм ва Бухоро воҳалари, шунингдек, Зарафшоннинг ўрта оқимида XIX аср охирларида, ХХ асрнинг бошларида, асосан, ўтроқлашиб, деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланган.
“Қипчоқ” номи ҳам этнотопоним ҳисобланади. Қипчоқлар ўрта асрлардан бери маълум бўлган туркий уруғ бўлиб, илк бор форс географи ибн Хўрдодбеҳнинг “Йўллар ва салтанатлар китоби” асарида номи келтирилган. Қипчоқлар Самарқанд билан Каттақўрғон ўртасидаги туманларда, Амударёнинг ўнг соҳилида, Фарғона водийсининг шимоли-шарқий ва шимоли-ғарбий қисмларида ўтроқлашиб, яшаган. Улар қадимдан тангричиликка эътиқод қилиб, кейинчалик Исломни қабул қилган. Қипчоқ этноними кўплаб туркий халқлар орасида қайд қилинган. Қорақалпоғистонда 15 га яқин овул шу номда (Қипчақ, Қипшақ шаклларида).
“Олмазор-Сергели” йўналишидаги 1-бекат учун танланган “Чоштепа” номи ҳам узоқ тарихга эга ороойконим ҳисобланади. “Чоштепа” сўзи сунъий равишда қурилган тепалик, тупроққўрғон, қўрғонтепа, қоровултепа каби маъноларни англатади. Ўтмишда бундай қоровултепалар кузатув объекти вазифасини ўтаган. Ўзбекистонда Самарқанд вилоятининг Пахтачи, Ургут, Паяриқ, Сурхондарёнинг Сариосиё, Навоийнинг Хатирчи ҳамда Қашқадарёнинг Шаҳрисабз ва Деҳқонобод туманларида шу номдаги қишлоқлар бор. Чоштепа, Шоштепа, Шиштепа каби тепаликлар Ўрта Осиёда, хусусан, Ўзбекистон ва Тожикистонда кўп учрайди.
Таъкидлаш жоизки, қолган бекатлар учун ҳам бир қатор тарихий номлар таклиф этилган эди. Аммо бекатларни номлаш учун овоз бериш жараёни якунланганидан сўнг уларнинг аксарияти танлаб олинмади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрель ойида Тошкент метрополитенининг 19 та бекатини номлаш овозга қўйилган эди.