Вазирлик сабзи нархини барқарорлаштириш режасини очиқлади

Жамият 5307
image
-

Аввалроқ, Ўзбекистон сабзи нархининг ошиб кетгани, пойтахт бозорларида ушбу маҳсулот 9-11 минг сўмдан сотилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мамлакат бўйлаб сабзи нархи ошиб кетганига муносабат билдирди.

Вазирлик сабзи нархининг кўтарилишини ҳавонинг совиб кетиши билан боғлаган. Яъни, об-ҳаво ушбу маҳсулотнинг пишишига таъсир қилган.

“Жорий йил февраль ва апрель ойларида ҳавонинг кескин совиб кетиши кузатилди. Айнан шу сабабли эртаки муддатда экилган сабзининг пишиши 20-25 кунга узайиши қайд этилди. Шу боис сабзининг мавсумий тўлиқ етилиш ва йиғиштириб олиш муддати июнь ойининг охирига тўғри келмоқда.

Айни пайтда вазирлик тегишли мутасаддилар билан биргаликда маҳсулотни қисқа муддатда даладан йиғиштириб олиш ҳамда Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги марказий деҳқон бозорларига ўз вақтида етказиб бериш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқди”, дейилади вазирлик муносабатида.

Қайд этилишича, айни вақтда ғалладан бўшаган 4,5 минг гектар ер майдонида сабзи экиш режалаштирилмоқда.

Маълумот учун, EastFruit мутахассислари Ўзбекистонда сабзи нархининг ошиб кетишини мамлакатда янги сабзидан кўра "эски сабзи"га талаб юқорилиги изоҳлаганди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 238
Рейтинг: 3
Теглар
t
×