Ўзбекистонда сабзи нархи “осмонга чиқди”. Мутахассислар бунинг сабабини айтди

Жамият

image
0:00
0:00
download

Охирги пайтларда Ўзбекистондаги деҳқон бозорларида сабзи нархи кескин кўтарилиб кетди. Хусусан, пойтахт Тошкентдаги дўкон ва савдо расталарида сабзининг бир килограмми 9 минг сўмдан (0,85 АҚШ доллари) 11 минг сўмгача (1,04 доллар) сотилмоқда. Тахминан икки ой олдин ушбу маҳсулотнинг чакана нархи ҳозиргидан 2-3 баравар паст эди.

EastFruit мутахассислари Ўзбекистонда сабзи, шу билан бирга лавлаги нархларининг кўтарилаётганига изоҳ берди. Улар бу ҳолатни Россия бозорида ушбу маҳсулот нархининг кўтарилаётгани билан боғлаган.  

Мутахассислар фикрича, Ўзбекистонда жон бошига сабзи истеъмол қилиш Шарқий Европага қараганда юқори. Сабзи кўп истеъмол қилинишининг асосий сабаби шундаки, у машҳур ўзбек паловининг ажралмас қисми ҳисобланади. Оммабоп рецептга кўра, ушбу таомни тайёрлашда бир кг гуруч учун камида бир кг сабзи ишлатилади. 

Яқин-яқингача паловнинг асосий нархи гўшт, гуруч ва ўсимлик ёғи нархлари билан белгиланган бўлса-да, сабзининг ҳозирги нархида унинг палов тайёрлашнинг асосий нархидаги улуши тобора сезиларли бўлиб бормоқда. Ўзбекистонда сўнгги бир неча йил ичида гўшт ва гуруч нархи ҳам анча қимматлашди. Шунинг учун, кўпчилик нархни пасайтириш мақсадида “кафе” ёки кўчада тайёрланадиган паловларга кўплаб сабзи қўшила бошлаганини пайқади. Чунки, сабзи нисбатан арзон эди. Бироқ, энди вазият кескин ўзгаришни бошлади, чунки сабзи нархи том маънода рекордларни янгиламоқда. 

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, “ёш сабзи” палов учун ишлатилмайди — улар йиғиб олингандан кейин камида икки ой ўтиши керак. Ўзбек паловини тайёрлаш учун “эски сабзи” афзал бўлганлиги сабабли бозорда унга янги экин маҳсулотлари пайдо бўлганда ҳам талаб катта. 

Сабзи нархининг аномалиялари — нархлар ўтган йилга нисбатан беш баравар юқори! 

Жорий йилнинг апрель ойида ўтган йилги ҳосилдан олинган сабзи нархи кескин кўтарилди. Май ойининг бошларида ҳам ўтган йилги сабзи нархи пасаймади, аксинча, секинроқ бўлса ҳам ўсишда давом этди. 

Бу йилги ҳосилнинг бозорда пайдо бўлиши ва унинг ҳажмининг аста-секин ўсиши эса ҳеч бўлмаганда ўтган йилги сабзи нархларининг ўсишига тўсқинлик қилмоқда. Қуйидаги графикда ўтган йилги ҳосилдан олинган сабзининг 2020 ва 2021 йиллардаги улгуржи нархлари динамикаси кўрсатилган. 
Графикдан кўриниб турибдики, жорий йилнинг 11 июнь ҳолатига кўра, ўтган йилги ҳосилдан олинган сабзининг улгуржи нархлари ўтган йилнинг шу санасига нисбатан 5 баравар юқори. Ушбу ноодатий ҳолат бу йилги ҳосилнинг нархларида ҳам кузатилмоқда. Ушбу маҳсулот нархи апрель ойи охирида тушишни тўхтатиб, бир хил даражада “музлаб қолди”. Гарчи ўтган йилнинг июнь ойининг биринчи ўн кунлигида эрта сабзи нархи деярли 2 бараварга пасайган ва амалдаги нархлардан деярли 3,5 баравар паст бўлган. 

Шу билан бирга, Ўзбекистондаги сабзи нархларининг ҳолати, одатда, ушбу мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий экспорт бозори — Россияда, шунингдек, қўшни Тожикистонда нархлар динамикасини такрорлайди. 

Лавлаги нархи ҳам жуда тез ўсмоқда 

Ҳозирги вақтда Россиядаги чакана савдо дўконларида бир кг лавлаги нархи 110 рубль (1,53 доллар), очиқ бозорларда ва уйлар яқинидаги чакана савдо дўконларида эса 180 рубль (2,50 доллар). Шунга кўра, ўзбекистонлик сабзи ва лавлаги ишлаб чиқарувчилари ҳамда экспортчилари ушбу маҳсулотларни Россия бозорига экспорт қилиш учун ажойиб имкониятларга эга. 

EastFruit мутахассисларининг фикрига кўра, жорий йил май ойининг ўзида Ўзбекистондан 2000 тоннага яқин лавлаги экспорт қилинган. Шуниси эътиборга лойиқки, ушбу юкларни етказиб бериш ставкалари июнь ойида бироз пасайган.


Мақола муаллифи

Теглар

сабзи

Баҳолаганлар

1176

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг