Қиролларсиз тахт учун кураш: “Эль классико” нималарни ваъда қилмоқда?
Спорт
−
24 Октябрь 2021
5950Испания Ла лигасининг 10-турида “Барселона” ўз майдонида “Реал Мадрид”ни қабул қилади. Ўйин бугун, 24 октябрь куни “Камп Ноу” стадионида Тошкент вақти билан соат 19:15 да бошланади.
Бу сўнгги 15 йилликдаги Криштиану Роналду ва Лионель Месси номи тилга олинмайдиган илк “Эль класико” бўлади.
Жамоаларнинг сўнгги ўйинлардаги натижалари
Испания чемпионатида “қаймоқранглилар”нинг ажойиб ғалабали серияси “Вильярреал” (0:0) ва “Эспаньол”га (1:2) қарши ўйинларда ўз якунига етди. Аммо UEFA Чемпионлар лигасида Донецкнинг “Шахтёр” клуби устидан қозонилган йирик ҳисобдаги ғалаба (5:0) “Реал Мадрид” футболчиларининг ўзига бўлган ишончини қайтариши аниқ.
Ла лиганинг сўнгги учрашувида “кўк-анорранглилар” “Валенсия”ни 3:1 ҳисобида мағлуб этиб, уч очкони қўлга киритди. Бироқ, жамоа бундан аввал “Атлетико”дан зарба қабул қилиб олган эди (0:2). ЕЧЛда эса Киевнинг “Динамо” жамоаси устидан қозонилган ғалаба (1:0) “Бавария” ва “Бенфика”дан учралган йирик ҳисобдаги мағлубиятлардан сўнг, “Барса” учун гуруҳдан чиқиш имкониятини оширди.
Футболчилар атрофидаги янгиликлар
Бугунги ўйинда Гарет Бейл, Иско Аларкон ва Лука Йович “Қироллик клуби”га ёрдам бера олмайди, лекин жамоа олдида улардан кўра жиддийроқ хавф мавжуд. “Шахтёр” билан ўйинда оёғига зарба қабул қилиб олган Карим Бензема учрашувни ўтказиб юбориши мумкин.(!) Маълум қилинишича, жароҳат у қадар жиддий эмас. Бош мураббий Карло Анчелотти унинг ҳолати ҳақида ўйин арафасидагина маълумот беради.
Каталонияликлар Рональд Араухо, Мартин Брейтуэйт ва Усмон Дембеле хизматидан фойдалана олмайди. Шунингдек, асосий футболчи Педри учрашув қайдномасига киритилмаган. Жорди Альба жароҳатидан тузалиб, аллақачон “Валенсия” ва “Динамо Киев”га қарши ўйинларда иштирок этишга улгурди.
Таҳлил
“Янги Эль классико” томошабоп ва қизиқарли ўтишга ваъда бермоқда, гарчи “кўк-анорранглилар” аввалгидек қудратли бўлмаса-да. Масалан, “Реал Мадрид” бугунги ўйинда фаворит ва 17 очко билан турнир жадвалида учинчи ўринни эгаллаб турибди. Бундан ташқари, “қаймоқранглилар” ҳужум чизиғида Бензема-Винисиус жуфтлиги рақибларни “кўрдим демайди”. Икки футболчи жорий мавсум Ла лигада жами 14 та гол уриб, 9 та голли узатмани амалга оширган. Шунинг ҳисобига мадридликлар чемпионатда рақиб дарвозасига барча жамоалардан кўра кўпроқ тўп киритди. Қўшимчасига, сўнгги учта “классико”да “Реал” ғалаба қозонган.
Анчелотти бошчилигида “Қироллик клуби” аксарият учрашувларда рақиб дарвозасини ишғол этмоқда. Бироқ Рафаэль Варан ва Серхио Рамос кетганидан сўнг, ҳимояни жамоанинг энг заиф нуқтаси, деб аташ мумкин.
“Барселона” эса жуда беқарор ва муаммолар жуда кўп. “Реал”нинг ҳимоядаги хатолари ҳамда Рональд Куман жамоасининг Фати ва Депайдан иборат ҳужум чизиғи ўйин голларга бой бўлишидан дарак беради. Мезбонларни дуранг натижа ҳам қониқтиради. Куман ўйин натижасидан қатъи назар мураббийликда қолиши унга бўлган босимларни камайтириши, шубҳасиз.
Таҳминий таркиблар
“Барселона”: Тер Штеген, Альба, Гарсия, Пике, Роберто, Де Йонг, Бускетс, Гави, Фати, Депай, Дест.
“Реал Мадрид”: Куртуа, Менди, Алаба, Милитао, Карвахаль, Кроос, Каземиро, Модрич, Винисиус Жуниор, Азар, Бензема.
Мураббийлар фикри
Карло Анчелотти – “Реал Мадрид” бош мураббийи: “Иккала жамоа ҳам ўзгариб бормоқда, аммо бизни ажойиб ўйин кутиб турибди. Биз жисмоний жиҳатдан яхшиланяпмиз. Ансу Фати ёки Винисиус каби футболчилар қандай чўққиларни забт эта олишини ҳали билмаймиз. Бир нарса аниқки, “классико” ҳар доим курашларга бой бўлади. Менда ҳам Криштиану ва Месси майдонда бўлган пайтлардагидек туйғулар бор. Бу ўзига хос ўйин. Ҳозир жамоаларда бошқа футболчилар бор, менимча, “Барселона”нинг ёш футболчилари зўр”.
Рональд Куман – “Барселона” бош мураббийи: “Биз охирги иккита учрашувда ғалаба қозондик ва катта ўйин учун ўзимизни яхши ҳис қиляпмиз. Биз бу ўйинга етиб келганимиздан жуда хурсандмиз. Умид қиламанки, стадионда яхши муҳит бўлади, шунинг учун, ҳеч нарсадан қўрқмайман. Ким қандай ҳолатда бўлишидан қатъи назар, бугунги баҳсда фаворит йўқ”.
Хулоса ўрнида
Шу пайтга қадар икки жамоа Ла лига доирасида 175 марта ўзаро тўқнаш келган. 75 ўйинда “Реал”, 72 баҳсда “Барселона” зафар қучган. Юқорида айтилганидек, статистика ҳам ўйинда яққол фаворит йўқ эканини кўрсатиб турибди. Ашаддий рақиблар ўртасидаги ўйинларда статистика “бир пул”. Ёқимли томоша!