Қирол Чарльз III Британиянинг янги Бош вазирини қабул қилди
Олам
−
05 Июль
7518Буюк Британияда бўлиб ўтган сайловларда ғалаба қозонган Лейбористлар партияси раҳбари Кир Стармер мамлакатнинг янги Бош вазирига айланди. Бу ҳақда Букингем саройи хабар берди.
Ториларни парламент сайловида мағлуб қилган Кир Стармер бугун, 5 июль куни Қирол Чарльз III қабулида бўлган. Чарльз III Стармерни табриклаб, унинг фаолиятига муваффақият тилади. Шунингдек, ундан янги маъмуриятни шакллантириш сўралган.
Шундан сўнг, у Даунинг-стритдаги қароргоҳига бориб, янги Бош вазир сифатида халққа мурожаат қилди.
“Мен ҳозиргина Букингем саройидан қайтдим. Қирол ҳазратларининг таклифини қабул қилдим. Менга кейинги ҳукуматни тузиш бўйича топшириқ берилди. Ишдан бўшаган собиқ бош вазир Риши Сунакка миннатдорчилик билдираман. Унинг мамлакатимизнинг осиёлик биринчи бош вазири сифатидаги муваффақияти эътирофга лойиқ. Шунингдек, унинг раҳбарлигидаги фидойилиги ва машаққатли меҳнатига ҳурмат бажо келтирамиз. Аммо энди мамлакатимиз аҳолиси ўзгаришлар, миллий янгиланиш ҳамда сиёсатнинг давлат хизматига қайтиши учун қатъий овоз берди. Биз ишга киришмоқдамиз. Менинг ҳукуматим сизга хизмат қилади”, деган янги ҳукумат раҳбари.
Шу билан Стармер Бош вазир ва Ғазначиликнинг биринчи лорди сифатида ишга киришмоқда.
Маълумот учун, Стармер лейбористлардан сайланган еттинчи Бош вазир, 14 йил ичидаги биринчи лейбористлар Бош вазир бўлди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британия собиқ бош вазири Риши Сунак миллий сайловлардаги мағлубиятини тан олиб, мухолифатдаги Лейбористлар партияси ғалаба қозонганини айтганди. Шунингдек, Консерватив партия раҳбари Даунинг-стрит 10-уйда жойлашган Бош вазир қароргоҳи олдида лавозимидан кетишини маълум қилгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь