Эркинжон Турдимовга бириктирилган ҳокимият органлари ва ташкилотлар маълум бўлди (рўйхат)
Local
−
22:20 4962 3 minutes
Таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш масалалари учун масъул бўлган Бош вазирнинг биринчи ўринбосари – Таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимовга бириктирилган республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар маълум бўлди. Бу ҳақдаги рўйхат Президент жорий йилнинг 9 октябрь куни имзолаган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда келтирилган.
Фармон таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада жадаллаштириш, уларнинг натижадорлигини таъминлаш, шу жумладан, таълим ва илм-фан тизимида бошқарув самарадорлигини ошириш мақсадида имзоланган.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида:
- Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – Таълим ва илм-фан вазири лавозими киритилади;
- 12 нафар штат бирлигидан иборат бўлган Таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш масалалари котибияти ташкил қилинади.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси Таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш масалалари котибиятининг:
- 5 та штат бирлиги Вазирлар Маҳкамасининг Ижтимоий ривожланиш масалалари бўлими ҳисобидан;
- 7 та штат бирлиги қайта ташкил этилган Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобига шакллантирилади.
Бундан ташқари, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари – Таълим ва илм-фан вазирига қуйидаги республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар бириктирилади:


Шу билан бирга, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари – Таълим ва илм-фан вазири республика ижро этувчи ҳокимият органлари вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва инспекциялар раҳбарлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларида зиммасига юклатилган вазифа ва функцияларни амалга ошириш бўйича фаолиятига ваколати доирасида умумий раҳбарлик қилади, уларни мувофиқлаштиради.
Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда Бош вазирнинг биринчи ўринбосари – Таълим ва илм-фан вазирининг функционал вазифалари ва унинг котибияти тўғрисидаги низомни тасдиқлашни назарда тутувчи ҳукумат қарорини қабул қилади.
Ушбу фармоннинг ижросини назорат қилиш ва ташкил қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева зиммасига юкланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бирлаштирилиб, Таълим ва илм-фан вазирлиги ташкил этилган эди ва унга Эркинжон Турдимов раҳбар этиб тайинланганди. Шунингдек, бугун, 12 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев нега Эркинжон Турдимовни Таълим ва илм-фан вазири лавозимига тайинлагани ҳақида гапирди.
Live
All