Қирғизистонда парламент депутатларига Миллий банкда сақланаётган “Қумтор” олтинлари кўрсатилди
Олам
−
28 Апрель 2023
9489Қирғизистон Юқори Кенгаши 2022 йил сентябридан 2023 йил мартигача “Kumtor Gold Company” компаниясининг мулк ҳуқуқи Қирғизистонга ўтган пайтдан бошлаб ишини текширган депутатлик комиссиясининг суратини эълон қилди.
Парламент сайтида чиққан суратлардан бирида депутатлик комиссияси аъзоси Арсланбек Малиев Қирғизистон Миллий банки омборхонасида қўлида олтин қуйма кўтариб тургани акс этган.
Қирғизистонда депутатлик комиссияси компанияда аниқланган молиявий қонунбузарликлар ва 2021 йилда 1 миллиард доллардан ортиқ миқдорда 19,2 тонна олтиннинг шов-шувли сотилгани фонида тузилган. Бу фактлардан сўнг депутатлар ва мухолифат ҳокимиятдан ҳисобот талаб қилган.
Уларнинг талабига жавобан Президент Садир Жапаров ушбу масала бўйича комиссия тузиб, унинг таркибига мухолифат ва жамоатчилик вакилларини киритган.
2023 йил 26 январь ҳолатига кўра, Қирғизистон Миллий банки омборида 43,9 тонна олтин бор. Ўтган йили 17 минг 284 килограмм олтин сотишдан компания 986 миллион 511 минг доллар фойда кўрган. Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Оқилбек Жапаровнинг маълум қилишича, олтин қазиб олишдан тушган маблағ аҳоли эҳтиёжлари учун ишлаб чиқилган ижтимоий лойиҳаларга йўналтирилиши, компания ҳисоботлари тўғри бўлиши кераклигини таъкидлаган.
Маълумот учун, Қирғизистон жанубида жойлашган “Қумтор” кони олтин захиралари бўйича дунёда учинчи ўринда, Марказий Осиёда эса биринчи ўринда туради. У ердаги олтин захиралари ҳажми 700 тоннани ташкил қилади.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 29 июль кунидан бошлаб "Қумтор" олтин кони Қирғизистон тасарруфига ўтганди. Ўшанда Қирғизистоннинг Буюк Британиядаги элчихонасида буни тасдиқловчи ҳужжатлар алмашинуви бўйича тадбир бўлиб ўтган. Тадбирда Қирғизистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Улан Жусуповга "Kumtor Gold Company" ва "Kumtor Operating Company" компанияларининг 100% акциялар пакети "Киргизалтин" ОАЖга ўтганини тасдиқловчи ҳужжатлар пакети топширилган.
LiveБарчаси