Марказий Осиёдаги энг йирик олтин кони Қирғизистон мулкига айланди

Олам 63379
image

Бугун, 29 июль кунидан бошлаб "Қумтор" олтин кони Қирғизистон тасарруфига ўтди. Бу ҳақда мамлакат Президенти Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, бугун Қирғизистоннинг Буюк Британиядаги элчихонасида “Қумтор” олтин кони Қирғизистон тасарруфига ўтганини тасдиқловчи ҳужжатлар алмашинуви бўйича тадбир бўлиб ўтган. 

Тадбирда Қирғизистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Улан Жусуповга "Қумтор Голд Компани" ва "Қумтор Оперейтинг Компани" компанияларининг 100 фоиз акциялар пакети "Киргизалтин" ОАЖга ўтганини тасдиқловчи ҳужжатлар пакети топширилган.

Қумтор конини ўзлаштириш билан 1990 йиллар бошидан бери Канаданинг “Centerra Gold Inc” корпорацияси шуғулланиб келганди. Бугун мазкур компания барча молиявий тўловларни Қирғизистон фойдасига амалга оширган.

Эришилган келишув қуйидаги бандларни ўз ичига олади:

•    “Қумтор” кони тўлиқ Қирғизистонга тегишли бўлади. Шу билан бирга, Қирғизистон 2021 йил 15 майдан бошлаб кондан қазиб олинадиган олтин эгаси сифатида тан олинади.

•    “Centerra Gold Inc.” тахминан 11 миллион АҚШ доллари миқдорида дивиденд тўлайди.

•    Қирғизистон томонига 50 миллион АҚШ доллари миқдорида бир марталик тўлов ҳам “Centerra Gold Inc.”  билан келишилган.

•    “Қумтор” конининг рекултивация жамғармасини бошқариш Қирғизистонга ўтказилади, унинг миқдори тахминан 53 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Бу пул Қирғизистон банкларидан биридаги махсус ҳисоб рақамига ҳам ўтказилади.

•    “Centerra Gold Inc.” Қирғизистон томонига қарши бошланган барча суд жараёнларини тўхтатади: АҚШда (27 июлда тўхтатилган), Швеция ва Канадада (даъволарни қайтариб олиш тўғрисидаги хатлар 28 июлда юборилган).

Маълумот учун, Қирғизистон жанубида жойлашган “Қумтор” кони олтин заҳиралари бўйича дунёда учинчи ўринда, Марказий Осиёда эса биринчи ўринда туради. У ердаги олтин заҳиралари ҳажми 700 тоннани ташкил қилади.

Қумтор кони Ўрта Тянь-Шань тоғида, денгиз сатҳидан 4000 метр баландликда, доимий музлик ҳудудида жойлашган.   

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 3248
Рейтинг: 3
t
×