Қирғизистонда митинглар давом этмоқда
Олам
−
04 Декабрь 2023
11538Қирғизистон бўйлаб кўплаб йирик бозорларда митинглар давом этмоқда. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар берди.
Шундай митинглардан бири Бишкекдаги “Дордой Моторс” автомобиль эҳтиёт қисмлари бозорида рўй берди. Савдогарлар савдо патентларининг бекор қилиниши ва назорат-касса машиналаридан фойдаланишга қарши эканини билдирди.
Тадбиркорлар оғир шароитда ишлаётганини, давлат эса уларга ҳеч қандай ёрдам бермаётганини айтган. Эндиликда жорий қилиниши белгиланган назорат-касса машиналаридан эса кўпчилик тадбиркорлар қандай фойдаланишни билмайди.
“Биз патентларни қолдиришни сўраймиз. Биз солиқ тўлашдан бош тортмаймиз, лекин ҳисоботлар билан солиқ идорасига боришга вақтимиз йўқ. Ишлашимиз керакми ёки солиқ идорасида ўтиришимиз керакми? Бизга патентларни қолдиринг, тамом”, дейди тадбиркорлардан бири.
Ўз навбатида, “Дордой” бозори асосчиси Асқар Салимбеков савдогарларни комиссияга “Дордой Моторс” ишчилари номидан таклифлар киритадиган 15 кишидан иборат гуруҳ ташкил этишга чақирган. Касаба уюшмаси вакили ҳам Салимбековнинг таклифига қўшилди. Унинг таъкидлашича, агар савдогарлар вазиятни муҳокама қилишдан бош тортса, улар бу жараёндан четда қолади.
“Бизга ҳеч қандай комиссия керак эмас, патентларни қолдиринг, тамом. Бир йилдан ортиқ вақт давомида Касаба уюшмалари жим бўлиб, ҳеч нарса қилмади, ҳозир эса биз уларга ишонмаймиз ", деб ғазабланган митингда қатнашаётган бир аёл.
Кейинроқ бозорга намойишчиларга қўшилиш учун Бишкек мэри Айбек Жунушалиев ҳам борган.
Бундан ташқари, Тўқмоқ шаҳрида ҳам савдогарлар касса аппаратларидан фойдаланишга қарши митинг ўтказган.
Интернетда тарқалган кадрлардан кўриниб турибдики, маҳаллий ҳокимият вакиллари савдогарларга мурожаат қилган, бироқ одамлар уларни тинглашни истамаган. “Патент! Патент! Патент!" дея қичқиришни бошлаган намойишчилар.
Қора-Балта шаҳридаги бозорлар ва дўконлар савдогарлари эса Жайил вилояти давлат маъмурияти ёнида митинг ўтказган.
Бишкекдаги “Кудайберген” автомобиль эҳтиёт қисмлари бозори эса уч кундан бери ёпиқ. 2 декабрь куни савдогарлар митинг ўтказиб, расмийлар талабларини эшитмагунча ишламасликларини айтган.
Маълумот учун, 2024 йил 1 январдан Қирғизистонда савдо фаолияти учун патент бекор қилинади. “Дордой” ва “Қорасув” бозорлари алоҳида солиқ режимига ўтмоқда. Унда мазкур бозорларда назорат-касса машиналари қўлланилмаслиги, солиқ миқдори товар айланмасига боғлиқ бўлиши белгилаб қўйилган. Бундай ҳолда, савдо фақат бозор ичида мумкин бўлади.
Маҳаллий бозор савдогарлари эса солиқ тўловларини ўзгартиришга қарши. Улар расмийлардан патент бўйича ишлашни давом эттиришга рухсат беришларини сўрамоқда.
Шу мақсадда жорий йилнинг 30 ноябрь куни мамлакат пойтахтидаги “Дордой” бозори ва Ўш вилоятидаги “Қорасув” бозорида митинг бўлиб ўтди. Кеча, 1 декабрда Бишкекдаги “Оламедин” бозорида ишлаётган тадбиркорлар, шунингдек, “Орто-Сай” ва “Мадина” бозорлари ишчилари митинг ўтказди. Бозорларда назорат-касса машиналаридан мажбурий фойдаланишга қарши митинглар нафақат Бишкекда, балки Ўш, Талас ва Қоракўл шаҳарларида ҳам бўлиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қирғизистон Президенти Администрациясида Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Оқилбек Жапаров раислигида масъул давлат органларининг савдо тузилмалари, йирик бозорлар вакиллари ва мулкдорлари, касаба уюшма ташкилотлари ҳамда савдо ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтганди. Унда Оқилбек Жапаров информацион фаолият йўқлиги сабабли жамиятда солиқ режими ишидаги ўзгаришлар ҳақида нотўғри тушунча шаклланганини айтганди. У айрим кучлар маълумот етишмаслигидан фойдаланиб, савдогарларни “силкитишга” ҳаракат қилаётганини таъкидлаганди. Қирғизистон Президенти Садир Жапаров эса бозорлардаги норозиликлар бўйича ишчи комиссия тузиб, текширув ўтказишни буюрди.
LiveБарчаси