Қирғизистондаги митинглар ортидан Жапаров шошилинч йиғилиш ўтказди

Олам

image

Бугун, 2 декабрь куни Қирғизистон Президенти Администрациясида Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Оқилбек Жапаров раислигида масъул давлат органларининг савдо тузилмалари, йирик бозорлар вакиллари ва мулкдорлар, касаба уюшма ташкилотлари ҳамда савдо ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.

Оқилбек Жапаровнинг айтишича, ахборот беришдаги камчиликлар сабабли жамиятда солиқ режимидаги ўзгаришлар ҳақида нотўғри тушунча шаклланган.

“Энг муҳими, биз тушунишимиз керак: кичик чакана савдогарларимизнинг аксарияти учун мамлакат раҳбариятининг қарори билан нафақат патентлар бекор қилинди, балки уларга бир қатор имтиёзлар ҳам берилди. Кичик озиқ-овқат дўконларида ишлаётган, бозорларда майда савдо билан шуғулланаётган, айланмаси 8 миллион сомдан кам бўлган оддий оилалар ҳар қандай солиқ тўлашдан тўлиқ озод этилди”, деган у йиғилишда.

Вазирлар Маҳкамаси раисининг сўзларига кўра, айрим кучлар маълумот етишмаслигидан фойдаланиб, савдогарларни “силкитишга” ҳаракат қилмоқда. Унинг фикрича, халқнинг мутлақ кўпчилиги давлатни мустаҳкамлаш ва тартиб ўрнатиш сиёсатини қўллаб-қувватлайди.

“Бозор иқтисодиёти ва капитални дастлабки жамғариш даври ўтмоқда. Давлат энди халқ учун ишлайди, бойлар ва “бир ҳовуч одамлар” манфаатларига хизмат қилмайди. Ҳукумат барча давлат даромадлари кимнингдир шахсий чўнтагига эмас, балки янги инфратузилмани барпо этиш ва фуқароларнинг ҳаётини яхшилашга йўналтирилишини яхши биладиган халқнинг кучли ишончига эга. Биз қашшоқликка қарши курашамиз ва одамларни камбағалликдан олиб чиқамиз. "Бойлар бойиб, камбағаллар қашшоқлашади" деган гап бўлиши мумкин эмас. Биз ўз оиласини боқиш учун ишлайдиган барча ҳалол одамларни ҳимоя қиламиз ва ёрдам берамиз”, дейди Оқилбек Жапаров.

Шунингдек, у савдогарларни кераксиз юкдан озод қилиш учун икки ҳафта ичида электрон ҳисоб-фактура ва товар транспорти фактураларини қайта ишлашни имкон қадар соддалаштириш бўйича топшириқ берган. Бундан ташқари, Оқилбек Жапаров назорат-касса машиналарини жорий этиш юзасидан солиқ тузилмалари билан интеграция қилинадиган тижорат ҳисобварақларини очишни тезлаштиришни буюрган. 

Шу билан бирга, у навбатдаги йиғилишда капитал амнистия тўғрисидаги қонунни республиканинг барча аҳолисига татбиқ этиш тўғрисида қарор қабул қилишларини айтган. 

Маълумот учун, 2024 йил 1 январдан Қирғизистонда савдо фаолияти учун патент бекор қилинади. “Дордой” ва “Қорасув” бозорлари алоҳида солиқ режимига ўтмоқда. Унда мазкур бозорларда назорат-касса машиналари қўлланилмаслиги, солиқ миқдори товар айланмасига боғлиқ бўлиши белгилаб қўйилган. Бундай ҳолда, савдо фақат бозор ичида мумкин бўлади.

Маҳаллий бозор савдогарлари эса солиқ тўловларини ўзгартиришга қарши. Улар расмийлардан патент бўйича ишлашни давом эттиришга рухсат беришларини сўрамоқда.

Эслатиб ўтамиз, 30 ноябрь куни мамлакат пойтахтидаги “Дордой” бозори ва Ўш вилоятидаги “Қорасув” бозорида митинг бўлиб ўтганди. Кеча, 1 декабрда Бишкекдаги “Оламедин” бозорида ишлаётган тадбиркорлар, шунингдек, “Орто-Сай” ва “Мадина” бозорлари ишчилари митинг ўтказди. Бозорларда назорат-касса машиналаридан мажбурий фойдаланишга қарши митинглар нафақат Бишкекда, балки Ўш, Талас ва Қоракўл шаҳарларида ҳам бўлиб ўтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон митинг Оқилбек Жапаров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг