Қирғизистонда Григорий Лепснинг концерти бекор қилинди
Маданият-санъат
−
06 Июль 2023
7870Россиялик хонанда Григорий Лепснинг Қирғизистонда ўтказилиши режалаштирилган концерти бекор қилинди. Бу ҳақда санъаткорнинг концертини бўлиб ўтиши режалаштирилган Blonder Pub бари маъмурияти маълум қилди.
Айтилишича, жорий йилнинг 2 август куни Иссиқкўл вилояти Чўлпонота шаҳрида ўтиши белгиланган концерт номаълум сабабларга кўра бекор қилинган. Бироқ кўпчилик нашрлар концерт жамоатчилик норозилиги туфайли бекор қилинганини ёзмоқда.
Гап шундаки, концерт эълон қилинганидан сўнг Қирғизистондаги кўплаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Россиянинг Украинага ҳарбий босқинини қўллаб-қувватловчи санъаткорнинг келишига қарши чиқишди.
Маълумот учун, ўтган ойда Қозоғистонда ҳам Григорий Лепснинг концерти жамоатчилик норозилиги туфайли бекор қилинганди. 23 октябрга эса хонанданинг Тошкентда концерт қўйиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 3 июль куни Лепс уруш ҳаракатлари ҳудудида Leopard танкини шикастлаган аскарга 1 миллион рубль тўлаганди. Украинанинг Тошкентдаги элчихонаси эса урушни қўллаётган санъаткорларнинг Ўзбекистон ҳудудида концерт қўйиши мамлакат имижига таҳдид эканини айтганди.