Қирғизистонда давлат тўнтаришига уринганлар иши бўйича янги тафсилотлар очиқланди
Олам
−
06 Июнь 2023
13523Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси кеча, 5 июнь куни мамлакатда оммавий тартибсизликлар ва итоатсизлик ҳаракатларини режалаштирган 30 дан ортиқ одамнинг ҳибсга олинганини ва қўмитанинг изоляторларига жойлаштирилганини маълум қилди. Бу ҳақда “24.kg” агентлиги хабар берди.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, мамлакатда оммавий норозилик намойишлари ва кенг кўламли тартибсизликлар ўтказиш учун яширин тайёргарлик кўрган, сўнгра ҳокимиятни зўравонлик йўли орқали эгаллаб олиш билан шуғулланган бир гуруҳ шахслар аниқланиб, уларнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилган.
“Олинган маълумотлар ва тўпланган аудио ва видео материаллар асосида жиноят иши қўзғатилиб, унинг доирасида суд томонидан санкцияланган махсус тергов ҳаракатлари ўтказилди”, дейилади матбуот хизмати хабарида.
Қўмита маълумотларига кўра, жиноий гуруҳ йил давомида ўз сафига тарафдорларни қўшиш ва фуқароларни жалб этиш бўйича аниқ мақсадли ишларни амалга оширган.
Текширув натижасида ушбу уюшган гуруҳга 100 дан ортиқ киши жалб қилингани, улар орасида тегишли вазифаларга эга роллар тақсимлангани аниқланган.
“Яқин келажакда ташкилий масалаларни молиялаштириш ва асосий мансабдор шахсларга маош тўлаш учун хорижий манбалардан катта маблағ кутилаётгани ҳақида ҳам маълумотлар бор”, дейилади Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабарида.
Ҳозирда ишнинг бошқа ҳолатлари ва унга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш бўйича махсус тергов-тезкор тадбирлари олиб борилаётгани айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 5 июнь куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари “эҳтимолий давлат тўнтариши иштирокчилари”ни оммавий ҳибсга олган эди. Аммо махсус хизмат томонидан аниқ ким ҳибсга олингани очиқланмаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь