Қирғизистонда ҳам Starlink интернети ишга тушади

Олам

image

Бугун, 14 апрель куни Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Одилбек Қосималиев SpaceX компаниясининг Starlink йўналиши бўйича катта директори Райан Гуднайт билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.

Қайд этилишича, учрашув Вашингтонда Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки гуруҳининг баҳорги йиғилишлари доирасида бўлиб ўтган. Томонлар Қирғизистонда сунъий йўлдош интернетини ишга тушириш бўйича тизимли ишларнинг якунларини ҳамда пилот лойиҳани бошлаш учун зарур бўлган барча рухсатномаларни бериш жараёни якунланганини сарҳисоб қилган.

“Асосий эътибор яқин вақт ичида амалга оширилиши режалаштирилган сервиснинг техник ишга туширилишига қаратилди”, дейилади хабарда.

Билдирилишича, томонлар сунъий йўлдош интернетининг жорий этилишидан кутилаётган муҳим ижтимоий самарани муҳокама қилган: чекка ва бориш қийин бўлган аҳоли пунктлари аҳолиси учун юқори тезликдаги алоқа имкониятини яратиш, шунингдек, мактаблар, тиббиёт муассасалари ва бошқа ижтимоий объектларни рақамли ресурсларга улаш.

“Пилот лойиҳа очиқлик ва тенг шароитлар тамойиллари асосида амалга оширилади. Унда сунъий йўлдош интернети хизматларини кўрсатувчи барча компаниялар, белгиланган талабларга тўлиқ жавоб берган тақдирда иштирок этишлари мумкин”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, Starlink – бу Starlink Services LLC томонидан бошқариладиган сунъий йўлдош интернет тизими бўлиб, у халқаро телекоммуникация провайдери ҳисобланади ва Американинг аэрокосмик компанияси Илон Маскнинг SpaceX компаниясининг тўлиқ шўъба корхонаси ҳисобланади. У ҳозирда тахминан 130 мамлакат ва ҳудудни қамраб олади. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Starlink сунъий йўлдош алоқа хизмати Тожикистонда ишга тушгани ҳақида хабар берилган эди. У 2025 йил 13 августдан бошлаб Қозоғистонда ҳам расман фаолият юрита бошлаган. Маълумотларга кўра, Қозоғистонда уй учун интернетга уланишнинг энг кам ойлик тўлови тезлик чекловлари билан 23 минг тенге (42 доллар), чекловларсиз эса 31 минг тенге (57 доллар) дан бошланади. Саёҳатчилар учун интернет энг камида 26 минг тенге (48 доллар) туради, бироқ бу нархга компания 50 Гб трафик таклиф қилади, чексиз трафик эса ойига 52 минг тенге (96 доллар) дан бошланади. Сайтда, шунингдек, сунъий йўлдош сигнали ва интернет тармоғига уланиш учун керакли ускунани харид қилиш имконияти ҳам мавжуд. 


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон SpaceX Starlink Одилбек Қосималиев Райан Гуднайт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг