Маскнинг Starlink интернет тармоғи Қозоғистонда ишга тушди

Олам

image

Бугун, 13 август куни Starlink компанияси Қозоғистон ҳудудида сунъий йўлдош орқали интернет хизматларини расмий тарзда тақдим эта бошлади. Бу ҳақда мамлакатнинг Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, бугун, 13 августдан бошлаб Starlink компанияси мамлакат ҳудудида сунъий йўлдош интернет хизматларини расмий равишда тақдим этишни бошлаган.

“Бунинг натижасида мамлакат аҳолиси SpaceX компаниясига тегишли паст орбитадаги сунъий йўлдошлар тармоғи Starlink орқали юқори тезликдаги ва ишончли интернетга уланиш имконига эга бўлади. Starlink технологияси ҳатто энг чекка ва бориш қийин бўлган ҳудудларда ҳам барқарор уланишни таъминлаб, аҳолига замонавий рақамли хизматлардан фойдаланиш имконини очади”, дейилади баёнотда.

Starlink сайтида Қозоғистон ҳудудидан интернетга кирилгандаги тарифларни ҳам кўриш мумкин. Портал маълумотларига кўра, уй учун интернетга уланишнинг энг кам ойлик тўлови тезлик чекловлари билан 23 минг тенге (42 доллар), чекловларсиз эса 31 минг тенге (57 доллар) дан бошланади. Саёҳатчилар учун интернет энг камида 26 минг тенге (48 доллар) туради, бироқ бу нархга компания 50 Гб трафик таклиф қилади, чексиз трафик эса ойига 52 минг тенге (96 доллар) дан бошланади. Сайтда, шунингдек, сунъий йўлдош сигнали ва интернет тармоғига уланиш учун керакли ускунани харид қилиш имконияти ҳам мавжуд.

Америка компаниясининг республика бозорига чиқишига имкон берган келишув вазирлик ва Starlink ўртасида жорий йилнинг июнь ойида имзоланган. Унгача мамлакатда Starlink орқали интернет уланиши аҳолига расмий равишда мавжуд бўлмаган, балки фақат узоқ ҳудудлардаги мактабларни интернетга улаш лойиҳаси доирасида синов тариқасида ишлатилган.

2024 йилда республика ҳукумати мамлакат ҳудудига Starlink терминалларини олиб киришни тақиқлаш масаласини кўриб чиққан. Бунга хавфсизлик таҳдидлари сабаб қилиб кўрсатилган, чунки республикада хориждан бошқариладиган алоқа тармоқларидан фойдаланиш тақиқланган. Бироқ тақиқнинг кучга киргани ҳақида хабар берилмаган, шундан сўнг ҳукумат компания билан унинг Қозоғистон қонунларига риоя қилиши бўйича келишувга эришганини маълум қилган.

Маълумот учун, Starlink – бу Starlink Services LLC томонидан бошқариладиган сунъий йўлдош интернет тизими бўлиб, у халқаро телекоммуникация провайдери ҳисобланади ва Американинг аэрокосмик компанияси Илон Маскнинг SpaceX компаниясининг тўлиқ шуъба корхонаси ҳисобланади. У ҳозирда тахминан 130 мамлакат ва ҳудудни қамраб олади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 30 октябрь куни Falcon 9 ракета-ташувчиси глобал интернет қамров тизими Starlink орбитал гуруҳини тўлдириш учун яна 23 та мини-сунъий йўлдош партиясини орбитага муваффақиятли олиб чиққанди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон сунъий йўлдош Starlink

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг