Қирғизистон ва Тожикистон яна 38 км чегара бўйича келишиб олди
Олам
−
16 Январь
4016Қирғизистон ва Тожикистон яна 38,3 км чегара бўйича келишиб олди. Бу ҳақда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.
“10-16 январь кунлари Қирғизистон Республикасининг Боткен вилояти Боткен шаҳрида Қирғизистон ва Тожикистон ҳукумат делегацияларининг ҳуқуқий масалалар бўйича топографик ишчи гуруҳлари иштирокида давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, дўстлик ва ўзаро англашув муҳитида ўтган учрашув якунлари бўйича тегишли баённома имзоланган.
Шунингдек, Тожикистонда бўлиб ўтадиган навбатдаги учрашувда қолган ҳудудларни тавсифлаш бўйича ишлар давом эттирилиши маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, бу минтақада томонлар Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтган ва Тожикистон вакили Саймўмин Ятимовнинг сўзларига кўра, у қирғизистонлик ҳамкасби Қамчибек Ташиев билан икки асосий масала делимитация ва демаркация бўйича бир қарорга келган. 2023 йилнинг ноябрь ойида томонлар 18 км, декабрь ойида эса, 12 км чегара бўйича келишувга эришган эди.
LiveБарчаси