Қирғизистон Тожикистонга дрондан зарба бермоқда – Чегара қўшинлари

Олам

image

Қирғизистон Тожикистон аҳоли пунктларига ҳужумкор дронлар билан зарба бермоқда. Бу ҳақда “Asia-plus” нашри Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинларига асосланиб хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Қирғизистон кеча, 16 сентябрь куни ўт очишни тўхтатишга келишилганидан кейин 1,5 соат ўтиб, барча турдаги оғир қуроллар билан Тожикистон аҳоли пунктларига ўт очишни бошлаган. Хусусан, Бобожон Ғофуров туманининг Овчи Қалъача жамоати ва Исфара шаҳрининг Ворух ва Чоркух жамоатлари ҳужумга учраган.

“Қирғизистон ҳарбий вертолётлар ва ҳужумчи дронлардан фойдаланган ҳолда Тожикистондаги турар-жой бинолари ва фуқаролик объектларига ҳаводан ҳужум уюштираётгани хавотир уйғотади”, дейилади баёнотда.

Шунингдек, Қирғизистон томони Боткен вилояти марказидан Тожикистон билан чегарадош туманларга қўшимча куч ва воситаларни ўтказаётгани хабар қилинган.

“Asia-plus” билан суҳбатда Овчи-Қалъача жамоати аҳолиси бир неча маҳалла фуқаролари Қирғизистоннинг учувчисиз самолёти ҳужуми қурбони бўлганини тасдиқлаган.

“Ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги хабарлардан сўнг, маҳалла аҳли кўчага чиқди ва ўша пайтда қирғиз дрони одамларга ҳужум қилди. Оқибатда 10 дан ортиқ киши жароҳатланган. Турар-жой бинолари ва фуқаролик инфратузилмасига дрондан ҳаво зарбалари берилмоқда”, дейди аҳоли вакиллари.

Исфара шаҳрининг Шўроб қишлоғи аҳолиси ҳам Қирғизистон дронларининг турар-жой бинолари ва инфратузилмаларга ҳужум қилгани ҳақида хабар берган.

“Қирғиз дронлари 16 сентябрь куни эрталаб ва тушдан кейин зарбалар берди. Ўнлаб уйлар вайрон бўлди, кўплаб тинч аҳоли жабр кўрди”, дейди аҳоли.

Қайд этиш керакки, Тожикистонга зарба бериш учун фойдаланилаётган дронлар Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз учоқлари бўлиши мумкин. Негаки жорий йилнинг 13 сентябрь куни Қирғизистонда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизматининг биринчи учувчисиз учиш аппаратлари базасининг очилиш маросими бўлиб ўтганди. Базадан айнан “Bayraktar” учувчисиз учоқлари бошқарилиши айтилганди.

Маълумот учун, икки давлат чегарасида вазият 14 сентябрь куни кескинлашди. Қирғизистон томонининг маълум қилишича, тожик чегарачилари шу куни Қирғизистоннинг Боткен вилояти Боткен туманининг Булоқ-Баши ҳудудидаги чегара ҳудудига кириб, “жанговар позицияларини эгаллаган”. Қирғизистон ҳарбийларининг ҳудудни тарк этиш талабига жавобан Тожикистон чегарачилари ўт очган, шундан сўнг отишма бошланган. Орадан бир неча соат ўтиб, Боткен вилоятининг Как-Сай ва Паски-Ариқ туманларида ҳам қуролли тўқнашувлар содир бўлди. Кечқурун отишмалар тўхтаган, қирғиз томони икки нафар ҳарбий хизматчи ва уч нафар тинч аҳоли вакиллари яралангани ҳақида хабар берган.

Тожикистон томони ҳам ўз навбатида чегарадаги кескинликда Қирғизистонни айблаб, қирғиз ҳарбийлари аввал эришилган сулҳни бузганини айтмоқда.

16 сентябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари саммитида иштирок этиш учун Самарқандга келган икки давлат раҳбарлари Садир Жапаров ва Имомали Раҳмон учрашув ўтказиб, чегара масаласида келишиб олганди.

Bayraktar дрони

“Bayraktar TB2” – Туркиянинг Baykar Makina компаниясининг узоқ парвоз қила оладиган ҳужумкор разведкачи дрон. Унинг максимал тезлиги 222 км/соат, қанотлари кенглиги 12 м, қурилма ҳавода 24 соатгача туриши мумкин, дроннинг амалий шифти эса 8,2 минг м.

Дрон учиш масофаси 0,5 дан 8 кмгача бўлган иккита лазерли бошқариладиган UMTAS танкга қарши ракеталари ёки Туркиянинг Roketsan компаниясининг тўртта Bozok, MAM-C ёки MAM-L бошқариладиган аниқ бомбалари билан қуроллантирилади.

Бундай турдаги дронлардан Қорабоғ, Сурия ва Ливиядаги жанговар ҳаракатларда фойдаланилган. Айни пайтда “Bayraktar TB2” дронлари Озарбайжон, Қатар, Ливия, Марокаш, Польша, Жибути, Украина армиялари ҳамда Қирғизистон Чегара хизматида мавжуд.

ОАВ маълумотларига кўра, ушбу қурилмалар аллақачон 22 давлатга, жумладан Марокаш, Нигер ва Эфиопияга сотилган.

“Bayraktar” дронларининг муаллифи Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг куёви Селчук Байроқдор бўлиб, у куни кеча "Kizil elma" номли янги дронни тақдим этди.


Мақола муаллифи

Теглар

қирғиз-тожик чегараси

Баҳолаганлар

326

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг