Қирғизистон сигарета импортини тақиқламоқчи
Олам
−
07 Октябрь
1873Қирғизистон Иқтисодиёт вазирлиги 6 ой муддатга учинчи давлатлардан сигареталар олиб киришни тақиқловчи қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди. Бу ҳақда “Kaktus media” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Қирғизистон Иқтисодиёт вазирлиги Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлмаган давлатлардан Қирғизистон ҳудудига 2402 коди билан таснифланган сигареталарни импорт қилиш, транзит ўтказиш, реэкспорт қилиш, божхона омборига жойлаштириш ва божхона савдо зоналарига киришини олти ойга тақиқлашни режалаштирмоқда.
Ушбу тасниф коди остига қуйидаги товарлар киради:
-
2402.10: Тамаки ёки унинг ўрнини босувчи моддалардан ясалган сигаралар, сигариллалар ва сигареталар;
-
2402.20: Сигариллалар;
-
2402.90: Бошқа тамаки ва унинг ўрнини босувчи моддаларни ўз ичига олган cигаралар ва сигареталар.
Қайд этилишича, қонун лойиҳасининг асосий ҳужжатида Қирғизистонда 2023 йилда ноқонуний сигареталар улуши 17,7 фоизга ўсганини таъкидланган. Барча контрафакт маҳсулотлар Oris, Mondeo, Like ва Madrid брендлари остида учинчи давлатлар, жумладан Сербия ва БААда ишлаб чиқарилган.
“Шу муносабат билан, фуқароларни сертификатланмаган контрафакт сигареталарни истеъмол қилишдан ҳимоя қилиш мақсадида импортга тақиқ қўйишга қарор қилинди”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, халқаро тажрибага асосланиб, ноқонуний маҳсулотларга бўлган талаб ва сигарет қутисининг нархи бир-бирига боғлиқ эканлиги қайд этилган – контрафакт тамаки маҳсулотлари бозори сигарета нархи баланд, аммо истеъмолчиларнинг тўлов қобилияти паст бўлган ҳолатларда тез ривожланмоқда.
Шунингдек, айрим тадқиқотларга кўра, Қирғизистон Марказий Осиёда ноқонуний тамаки маҳсулотларини чиқариш учун асосий марказ бўлиб қолмоқда. Сўнгги тўрт йил ичида божхона савдо дўконларида сотиш учун мўлжалланган сигареталар миқдори 10 баробар кўпайган. 2023 йилда божхона савдо дўконлари ва божхона омборларида сигареталар айланмаси 300 миллион қутига етган.
Билдирилишича, қарор қабул қилинган тақдирда, 15 кундан кейин кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Жогорку Кенешининг ёнилғи-энергетика комплекси қўмитаси йиғилишида ўзбек цементи импортига қўйилган тақиқ юзасидан тортишув бўлган эди. Унда Қирғизистон парламенти депутати Алишер Козуев Ўзбекистондан цемент импорт қилишга қўйилган тақиқни олиб ташлашни таклиф қилган.
LiveБарчаси