Қирғизистон парламентида ўзбек цементи импортига қўйилган тақиқ юзасидан тортишув бўлди

Олам

image

24 сентябрь куни Қирғизистон Жогорку Кенешининг ёнилғи-энергетика комплекси қўмитаси йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Қирғизистон парламенти депутати Алишер Козуев Ўзбекистондан цемент импорт қилишга қўйилган тақиқни олиб ташлашни таклиф қилди. Бу ҳақда “Kaktus Media” хабар берди.

Йиғилишда Иқтисодиёт ва савдо вазирининг ўринбосари Чоро Сейитов йўллар, ижтимоий объектлар ва мактаблар қурилиши туфайли цемент етишмовчилиги кузатилганини, шунинг учун тақиқ олиб ташланганини, бироқ Ўзбекистон цементига таъқиқ ўз кучида қолганини маълум қилган

“Ўш вилоятида бир неча цемент заводлари мавжуд. Ўзбекистон цементи маҳаллий маҳсулотларга рақобат қилиб, Қирғизистон ишлаб чиқаришини йўқ қилиши мумкин. Бизнинг заводлар ишламай қолади, солиқ тўловлари ҳам камаяди. Ўз бозоримизни ҳимоя қилиш учун механизм киритдик,” дея таъкидлаган вазир ўринбосари.

Депутат Козуев эса унга жавобан, мамлакатда етишмовчилик борлигини вазирнинг ўзи айтганини, Ўш вилоятидаги икки-уч завод бозор эҳтиёжларини қондира олмаслигини маълум қилган.

“Ўзбекистон цементининг нархи бизникидан паст. Биз одамлар ҳақида ўйлашимиз керак, икки-уч шахснинг манфаатлари ҳақида эмас. Рақобат кучайганда, нархлар пасаяди. Улар эса монополистлар, ўз истаги бўйича нархларни белгилайди. Улар учун тақиқ киритиш нотўғри. Тақиқ киритилгандан сўнг, одамлар оширилган нархда цемент сотиб олишга мажбур бўлди. Ҳатто бир сом фарқ ҳам катта таъсир кўрсатади,” деди у.

“Кимни боқишимиз керак, Ўзбекистон компаниялариними ёки ўзимизникиларними?” дея савол қўйган Сейитов.

Депутат эса бунга жавобан аввало фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кераклигини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон тортишув ўзбек цементи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг