Қирғизистон ҳам Қорабоғда мактаб қуради
Олам
−
09 Апрель
5247Қирғизистон ташаббуси билан Қорабоғ тизмасининг этагида жойлашган Ағдам шаҳрида ўрта таълим мактаби қурилади. Бу ҳақда Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев бугун, 9 апрель куни Бишкекда озарбайжонлик мавқедоши Жайҳун Байрамов билан учрашув чоғида маълум қилди.
Учрашув давомида Қирғизистоннинг тинчлик ва қурилиш жараёнини қўллаб-қувватлаётгани таҳсинга лойиқ экани, Қирғизистон ташаббуси билан Ағдамнинг Хидирли қишлоғида қуриладиган ўрта мактаб ҳам бундай қўллаб-қувватлашнинг ёрқин намунаси экани алоҳида таъкидланган.
Таъкидлаш жоизки, 2021 йилнинг апрель ойида Ўзбекистон ишғолдан озод этилган Қорабоғда Озарбайжонга туҳфа сифатида мактаб қуриши ҳақида хабар берган эдик. Орадан икки йил ўтиб, 23 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев Қорабоғдаги Мирзо Улуғбек мактабини очиб берди.
Жорий йилнинг 12 март куни эса Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Озарбайжон Республикасига давлат ташрифи доирасида Қорабоғдаги Фузулий шаҳрига бориб, қозоқ халқи номидан бунёд этилган қозоқ бастакори Курманқази номидаги Болалар ижодиёти марказининг очилиш маросимида иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг Озарбайжонга расмий ташриф билан бориши ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси