Ўзбекистон Қорабоғда мактаб қурмоқчи
Жамият
−
13 Апрель 2021
8705Ўзбекистон 30 йил деганда Арманистон ишғоли остидан Озарбайжонга ўтган Қорабоғда туҳфа сифатида мактаб қуради. Бу бўйича аниқ келишув мавжуд Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асад Хўжаев “Спутник”ка берган интервьюсида маълум қилди. Хўжаев ишғолдан озод қилинган Ағдам шаҳрига ташриф буюрган.
Хўжаевнинг айтишича, Қорабоғ можароси Озарбайжон ерларига катта бахтсизлик ва вайронгарчиликлар келтирган, ҳозир Озарбайжон ўз ривожланишининг янги босқичига ўтмоқда, озод қилинган ҳудудларида инфратузилмани қуриш ва тиклаш билан боғлиқ кўплаб ишлар олиб борилмоқда.
"Бу ерда битта масжиддан ташқари деярли ҳамма нарса вайрон қилинди ва жаҳон ҳамжамияти бунга эътибор қаратиши керак", дейди Хўжаев.
Хўжаевнинг фикрича, Туркий кенгаш давлатлари озод қилинган ҳудудларни тиклаш ва қурилиш ишларида фаол иштирок этишади. Ўзбекистон ҳам бу ерларнинг инфратузилмасини ривожлантиришда ўз ёрдамини таклиф қилган.
"Aйни пайтда биз тиклаш жараёнида иштирок этадиган объектлар рўйхатини мутахассислар билан белгилаб олмоқдамиз. Билишимча, битта мактабни қуриш тўғрисида келишув мавжуд бўлиб, у Озарбайжон халқига Ўзбекистондан туҳфа сифатида тақдим этилади. Бундай объектлар рўйхати аниқланиб, келишиб олинмоқда", деб таъкидлади Хўжаев.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги AОКA директори Aсаджон Хўжаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Озарбайжоннинг Баку шаҳрида 9-11 апрель кунлари бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо давлатлар ахборот ва медиа соҳаси мутахассислари йиғилишида иштирок этган.
Орзугул Каримова
LiveБарчаси