Қирғизистон ҳам гуруч ва буғдой экспортини тақиқлади
Олам
−
09 Август 2023
4184Қирғизистон ҳам айрим турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини тақиқлади. Бу ҳақда “Tazabek” хабар берди.
Қайд этилишича, мамлакат Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айрим турларини Қирғизистон Республикасидан олиб чиқиш (экспорт)ни вақтинчалик тақиқлаш тўғрисида”ги қарорини ишлаб чиққан.
Ушбу қарор билан Қирғизистон ички истеъмол бозорида юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида 2023 йилнинг охирига қадар айрим қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспортини тақиқлаш кўзда тутилган. Жумладан, бундай маҳсулотлар туркумига ем-хашак (пичан, сомон, аралаш озуқа, кепак ва ем маҳсулотлари), арпа, буғдой, гуруч ва жўхори киради.
“Қишнинг ёғингарчиликсиз ўтиши ва баҳорнинг кеч келиши баҳорги дала ишларининг айрим технологик жараёнларини бузди. Ҳавонинг ҳаддан ташқари иссиқ бўлиши ва ёғингарчиликнинг камлиги туфайли ем-хашак экинлари ҳосилдорлиги пасайиб кетди. Туман қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўлимларидан олинган тезкор маълумотлар таҳлил қилинганда, бу йилда ўтган йилга нисбатан озуқавий экинлар ҳосили кам бўлгани маълум бўлди. Бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга, шунингдек, чорва учун озуқа харид қилишга салбий таъсир кўрсатади”, дея қарорга изоҳ беради Қирғизистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.
Мутахассисларининг фикрича, ушбу тақиқ мамлакат фермер хўжаликлари фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади, дефицитни камайтиради ва ички бозорда пичан ва бошқа ем-хашак экинлари нархи ошишига йўл қўймайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия зайтун ёғи, Ҳиндистон ва Россия эса гуруч экспортини тақиқлаган эди. Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги эса мамлакатда гуруч танқислиги кузатилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга раддия берди.
LiveБарчаси