Қатор қонунларга ўзгартириш киритиш режалаштириляпти
Жамият 09 Ноябрь 2020 08:49
4661
Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш тартиб-таомиллари турлари қисқартирилганлиги ҳамда соддалаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
"Норма"нинг ёзишича, янги қонунда “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонунга 21-модданинг “Аудиторлик ташкилотларининг профессионал жамоат бирлашмалари” янги таҳрири таклиф қилинмоқда. Унда аъзолик тартиби, раҳбарларнинг вазифалари, уларга талаблар белгиланади. 25-моддага “Аудитор малака сертификатини бекор қилиш” ўзгартиришлар киритилади. Улар сертификатни бекор қилиш асослари ва тартибини тартибга солади.
“Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонунда 16-модда тиббиёт буюмларни ишлаб чиқариш ва улгуржи реализация қилиш бўйича, шунингдек офтальмология тиббий буюмларининг чакана реализацияси бўйича фаолиятни лицензиялашни бекор қилишга тааллуқли 3 ва 4-қисмлар билан тўлдирилмоқда. Бундан ташқари, 211-моддани “Оптика (офтальмология тиббий буюмларини реализация қилиш пункти)” киритиш таклиф қилинмоқда.
“Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги Қонунда 3 ва 4-моддаларга малака сертификатини олиш, шунингдек профессионал жамоат бирлашмаларини аккредитациядан ўтказиш билан боғлиқ ўзгартиришлар киритиш режалаштирилмоқда. Ушбу қонунни 51-модда “Риэлтор фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмалари” билан тўлдириш таклиф қилинмоқда.
Шунингдек, “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги , “Марказий банк тўғрисида”ги, “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги қонунларга, Солиқ кодексига ва бошқаларга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилмоқда.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин.