Қашқадарёда “жиҳодчилар” оқимининг 8 нафар аъзоси қамалди (видео)
3-саҳифа
−
23 Май 7918 2 дақиқа
Қашқадарёда “жиҳодчилар” оқимининг 8 нафар аъзоси 6 йилдан 10 йил 6 ойгача озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ДХХнинг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Ички ишлар органлари ходимларини жалб қилган ҳолда ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида “жиҳодчилар” диний экстремистик оқимининг яширин жамоати фош этилган.
Хусусан, Қарши туманида яшовчи, 1977 йилда туғилган, муқаддам Жиноят кодексининг 155, 159, 2441, 2442 ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этгани учун бир неча бор судланган, ўта хавфли рецидивист Қарши шаҳри ҳамда Қарши туманида истиқомат қилувчи, 1964-1986 йиллар оралиғида туғилган 7 нафар фуқарони жалб қилган ҳолда ноқонуний диний жамоат тузган.
Тергов даврида аниқланишича, гуруҳ аъзолари ўз яшаш хонадонларида йиғилишлар ўтказиб, “халифалик давлати” барпо этиш масалаларини муҳокама қилган.
Шунингдек, улар ижтимоий тармоқлар орқали халқаро террористик ташкилотларнинг ғоявий даъватчиларининг жиҳод, ҳижрат, халифалик тўғрисидаги аудио-видео материалларни ўзаро бир-бирларига тарқатиб, ўз сафларини кенгайтириш мақсадида бошқа фуқаролар онгига ҳам экстремистик ғояларни сингдиришга ҳаракат қилган.
“Таъкидлаш лозимки, гуруҳ етакчиси ва аъзоларининг 4 нафари муқаддам содир этган жиноятлари учун умрининг маълум бир қисмини панжара ортида ўтказган бўлсалар-да, ўз хатоларидан тўғри хулоса чиқаришмаган”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, жиноят ишлари бўйича Қарши туман суди томонидан мазкур шахслар тегишлилиги бўйича Жиноят кодексининг 159, 2441 ва 2442-моддалари билан айбли деб топилиб, уларга 6 йилдан 10 йил-у 6 ойгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида фаолият олиб борган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти тарафдорларидан иборат жамоа фош этилганди. Улар Ўзбекистонда амалда бўлган давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга ва “Халифалик” давлати қуришга қаратилган ғояларни, айримлари эса Сурияга ҳижрат қилиш масаласини ўзаро муҳокама қилган.
Live
БарчасиХовос туманида ҳоким алмашди
09 Декабрь