Қашқадарёда яна шифокор дўппосланди
Жамият
−
05 Ноябрь 2022
6866Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли Уйшун оилавий поликлиникасида хизмат вазифасини бажариб турган 59 ёшли шифокор калтакланди. Бу ҳақда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, жорий йилнинг 3 ноябрь куни кеч соат 18:30 атрофида поликлиникада 35 йилдан буён умумий амалиёт шифокори (айни пайтда оилавий шифокор) бўлиб ишлаб келаётган Х.Д. қабулига бир нотаниш эркак 2 нафар аёл билан келган. Эркак шифокорга турмуш ўртоғининг бетоблигини айтиб, уни текшириб қўйишини сўраган. Шифокор унга беморни текширгунига қадар оёқ кийимидаги лойни ташқарида ювиб келишини айтган. Шундан сўнг эркак шифокорни ҳақоратлаб, бўйнидан бўғиб, аёвсиз муштлаб, тепкилаб ташлаган.
Олган жароҳатлари натижасида шифокор ҳушини йўқотган ва Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимига “Пешона, иккала ёноқ, юз, бурун усти, бўйин соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши, кўкарган жароҳатлари, тирналмалар, бош чайқалишига гумон” ташхиси билан ётқизилган. Айни пайтда даво муолажалари давом эттирилмоқда.
Мазкур ҳолат вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси назоратига олинган, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўрганилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг октябрь ойида Тошкентнинг Яккасарой ва Миробод туманларида, Қашқадарёнинг Ғузор, Сурхондарёнинг Денов ва Ангор туманларида тиббиёт ходимларининг калтакланиши кузатилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь