Тошкентда “Тез ёрдам” ходими калтакланди
3-саҳифа
−
13 Октябрь 2022
10810Ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг Яккасарой туманидаги хонадонлардан бирида ўз хизмат вазифасини ўтаётган Тез тиббий ёрдам ходимлари калтаклангани ҳақида хабарлар тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан тезкор ўрганишлар олиб бориб, маълумот берди.
Аниқланишича, кеча, 12 октябрь куни соат 16:27 да Яккасарой туманининг Бобур кўчасида жойлашган хонадонларнинг биридан тез тиббий ёрдам хизматига чақириқ келиб тушган. Шундан сўнг шифокор Б.М. ва фельдшер аёл Ж.И.дан иборат “103” бригадаси чақириқ манзилига етиб бориб, бемор Б.Ж.га тиббий ёрдам кўрсатган.
Бироқ аҳволи ўта оғир бўлганлиги сабабли Б.Ж.ни зудлик билан шифохонага олиб кетишга қарор қилинган. Беморни транспортировка қилиш чоғида унинг ўғли асосли сабаб бўлмаса-да, тиббий бригада ходимлари билан тортишиб, қўл кўтариш даражасигача борган.
“Оқибатда фельдшер Ж.И. кўкрак қафасидан зарба олган ва аҳволи ёмонлашган. Шунга қарамай, тиббий бригада ўз хизмат бурчига масъулият билан ёндашиб, чақириқни якунлаган, яъни беморни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг қабул бўлимига олиб борган”, дейилади ССВ хабарида.
Шундан сўнг “103” фельдшери Ж.И. мазкур шифохонанинг хирургия бўлими шок залига “Кўкрак қафасининг ёпиқ жароҳати” ташхиси билан ётқизилган.
Ҳозир фельдшер Ж.И. мазкур бўлимнинг интенсив палатасида тегишли даво муолажаларини олмоқда. Аҳволи ўрта оғирликда.
“Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолатни ўз назоратига олган. Умуман, вазирлик фуқароларимиз томонидан тиббиёт ходимларига нисбатан тажовузкор ҳаракатлар содир этилишига нисбатан доимо муросасиз муносабатда бўлади. Шунингдек, вазиятга қонун доирасида ҳуқуқий баҳо берилиши учун барча зарур чораларни кўради.
Айни пайтда содир этилган ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан терговолди суруштирув ишлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.
Бош прокуратура Матбуот котибининг ёзишича, фуқаро ва “Тез ёрдам” ходимлари ўртасида бўлиб ўтган жанжал юзасидан ички ишлар органлари томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жанжал давомида фельдшер аёлнинг кўкрак қафасига шикаст етказилган.
Суриштирув натижалари бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади. Суриштирув ҳаракатлари Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан назоратга олинган.