Тошкентда “Тез ёрдам” ходимлари дўппосланди

3-саҳифа

image
Тошкентда “Тез ёрдам” ходими калтакланди north_east

Тошкентда “Тез ёрдам” ходими калтакланди

Ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг Миробод туманида Тез тиббий ёрдам ходимлари калтаклангани ҳақида хабарлар тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Аниқланишича, кеча, 16 октябрь куни соат 18:50 атрофида Тошкент шаҳрининг Миробод тумани, Темирйўлчилар кўчаси, 1/5-уй олдига 30 ёшли номаълум эркак кишида “Қон кетиш (хушсиз)” сабаби билан йўловчи фуқаро томонидан тез тиббий ёрдам хизматига чақирув келиб тушган.

Шундан сўнг шифокор М.З. ва фельдшер З.Ж.дан таркиб топган 397-сонли “103” бригадаси чақирув манзилига саноқли дақиқалар ичида етиб борган.

“Тез ёрдам” ходимлари манзилга келганида, кўчада беморлиги айтилган 22 ёшли фуқаро М.А. ноадекват ҳолатда ён-атрофдаги кишиларга тажовуз қилаётгани маълум бўлган. “103” кўчма бригадаси унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатмоқчи бўлганда, муштумзўр фуқаро шифокорларга куч ишлатиб, “Тез ёрдам” автомашинасига ҳам жиддий зарар етказган.

Воқеа жиддий тус олаётганини кўрган тез тиббий ёрдам ходимлари дарҳол туман Ички ишлар бўлимига мурожаат қилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари етиб келгунига қадар фуқаро М.А. “103” бригадаси ҳайдовчиси И.Ҳ.ни калтаклаб, унга жароҳат етказган.

Оқибатда жиддий тан жароҳати олган тез тиббий ёрдам машинаси ҳайдовчиси Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига бошқа бригада томонидан олиб борилган. Текширувлар натижасида у “Бош мия ёпиқ шикастланиши, бош мия чайқалиши, чап тизза соҳаси юмшоқ тўқималарининг лат ейиши” ташхиси билан нейрохирургия бўлимига ётқизилган.

Шунингдек, кўчма бригада шифокори М.З. шифохонада амбулатор тартибда мутахассислар кўригидан ўтказилиб, унга “Қорин соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши” ташхиси қўйилган.

Қайд этилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолатни ўз назоратига олган. Шунингдек, вазирлик ушбу вазиятга қонун доирасида ҳуқуқий баҳо берилиши учун барча зарур чораларни кўрмоқда. 

Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Миробод туман ички ишлар бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент Тез тиббий ёрдам

Баҳолаганлар

436

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг