Қашқадарёда ток уриши оқибатида вафот этган электрикнинг оиласига 126 млн сўм тўлаб берилади
Жамият
−
09 Январь
2860Қашқадарё вилоятидаги пахта титиш корхонасида меҳнат вазифаларини бажараётган вақтда электр токи уриши оқибатида вафот этган электрикнинг оиласига 126 млн сўм тўлаб берилади. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги хабар берди.
Қашқадарёлик Ф.А. 2023 йил 28 июнь куни пахта титиш корхонасида меҳнат вазифаларини бажараётган вақтда электр токи уриши оқибатида вафот этган. Бироқ вафотидан сўнг унинг оиласига корхона томонидан моддий ёрдам кўрсатилмаган. Марҳумнинг турмуш ўртоғи Ф.У. корхона томонидан тўланиши лозим бўлган бир марталик нафақа ҳамда ойма-ой зарар тўловларини ундиришда амалий ёрдам сўраб Қашқадарё вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси Давлат меҳнат инспекциясига мурожаат қилган.
Мурожаат белгиланган тартибда ўрганилиб, фуқаролик ишлари бўйича Яккабоғ туманлараро судига даъво аризаси киритилган. Суднинг ҳал қилув қарорига асосан Ф.У. фойдасига (ўзи ва вояга етмаган 2 нафар фарзанди учун) 126 миллион сўм миқдоридаги пул маблағларини ундириш белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятида иш вақтида вафот этган ходимнинг оила аъзоларига 485,7 миллион сўм маблағ тўланиши белгиланганди.
LiveБарчаси