Қашқадарёда коронавирусга чалинган 103 нафар хорижликка 3000 доллар компенсация тўланадими?

Жамият

image

Аввалроқ, Қашқадарё вилоятида Қозоғистон, Туркия, Украина, Ҳиндистон ва Таинланд давлатларининг жами 103 нафар фуқароси коронавирусга чалингани ҳақида хабар берган эдик.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида мамлакатда коронавирусга чалинган хорижий давлат фуқароларига 3000 АҚШ доллари миқдорида компенсация тўланиши белгиланганди.

Ҳўш, Қашқадарёда коронавирусга чалинган чет элликларга ҳам компенсация тўланадими? Шу масалага аниқлик киритиш учун Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан боғландик. Қўмитанинг Туризм соҳасида режалаштириш ва инсон ресурсларини ривожлантириш масалалари бўйича департаменти бошлиғи Шуҳрат Исақулов Қашқадарёдаги хорижликларга компенсация тўланмаслигини маълум қилди.

“Улар турист эмас. Бизда ҳозир туристик мавсум ёпиқлиги учун ҳеч қаерда сайёҳлар рўйхатга олинмаган. 16 мартда карантин ўрнатилгач, халқаро парвозлар тўхтатилган. Ўз-ўзидан туристлар келиши учун имконият ҳам йўқ. Демак, улар Ўзбекистонда ишлаётган ёки яшаётган бошқа давлат фуқаролари бўлиши мумкин”, деди Шуҳрат Исақулов.

Қўмита вакили ҳозирда амалга оширилаётган рейсларда хориждаги Ўзбекистон фуқаролари олиб келинаётганини қўшимча қилиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, Президент қарорида “Uzbekistan. Safe travel guaranteed” (Ўзбекистон. Хавфсиз туризм кафолатланган) санитар-эпидемиологик тизимини йўлга қўйиш белгиланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

236

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг