Қашқадарёда ҳам Экополиция ходимлари жиддий ҳужумга учради
3-саҳифа
−
07:43 1648 2 дақиқа
Кеча, 11 сентябрь куни Қашқадарё вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармасининг Ғузор тумани бўлими бошлиғи Баҳром Тошпўлатов ҳушсиз ҳолатда вилоят шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказига олиб борилди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, Баҳром Тошпўлатов Ғузор тумани “Қовчин” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Қашқадарё дарёсида ноқонуний қум-шағал қазиб олиш ҳолатларини аниқлаш бўйича рейд тадбирида ҳуқуқбузарлар ҳужумига учраган.
Уни шу ҳудудда фуқаролардан бири ҳушсиз ҳолатда топиб, шифохонага олиб борган. Ҳозирда тиббиёт муассасасида унга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Шунингдек, 6 сентябрдан 7 сентябрга ўтар кечаси Ғузор тумани “Қовчин” МФЙнинг Араб қишлоғи ҳудудида Экополиция инспекторлари томонидан экологик назорат рейди ўтказилган.
Рейд давомида Қашқадарё дарёсининг муҳофаза этиладиган ҳудудида ноқонуний қум-шағал қазиб олинаётгани аниқланган. Экополиция ходимлари қонунбузарликни тўхтатиб, техникани жарима майдонига олиб кетаётган вақтида ҳуқуқбузарлар уларга фаол қаршилик кўрсатган.
Хусусан, давлат рақамисиз қора рангли KIA К5, шунингдек, давлат рақами 70 К 413 АА бўлган Lacetti ва Cobalt автомобилларида бўлган шахслар йўлни тўсиб, инспекторлардан бирига тан жароҳати етказган. Шунингдек, жарима майдонига олиб кетилаётган техника воситасини олиб қочган.
Мазкур икки ҳолат юзасидан Ғузор туман прокуратураси ва ИИБнинг тезкор-тергов гуруҳи томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилоятида ҳам Экополция ходими ноқонуний балиқ овлаётган шахслар ҳужумига учрагани ва оқибатда ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу ҳолат бўйича 3 киши ушланган ва уларга нисбатан жиноий иш очилган.
Live
Барчаси