Қандай оилалар кўп болали ҳисобланиши белгиланди

Жамият

image

Эндиликда Ўзбекистонда 4 нафар ва ундан ортиқ 18 ёшга тўлмаган боласи бўлган оила кўп болали оила ҳисобланади. Оила кодексига киритилган ўзгартириш билан шундай норма белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Ўзбекистон Президенти имзолаган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан 8 та кодекс ва 10 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Оила кодексига юқорида айтганимиздек “кўп болали оила тушунчаси” киритилди ва меъёр белгиланди.

Бунда, агар 4 нафар ва ундан ортиқ болаларидан 1 нафари ёки ундан кўпроғи таълимнинг кундузги шаклида (ўрта махсус ва касб-ҳунар, олий таълим) таълим ташкилотларида ўқиётган ҳамда 22 ёшга тўлмаган бўлса, бу оила ҳам кўп болали оила деб ҳисобланади.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчага кўра, тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.

Бундай ҳуқуқбузарликни содир этган шахсга нисбатан 223 минг сўмдан 669 минг сўмгача миқдорда жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олиш жазоси қўлланилади.

Қонун билан “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга киритилган қўшимчага кўра, даъвогарлар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга етказилган маънавий ва моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан давлат божидан озод қилинади.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.


Мақола муаллифи

Теглар

Оила кодекси

Баҳолаганлар

461

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг