Депутатлар Сенатни “босиб” Президентга чиқмоқчи

Жамият 20698
image
-

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан жорий йил 21 июнда қабул қилинган ва 4 августда Сенат томонидан рад этилган “Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қуйи палатада қайта кўриб чиқишдан олиб ташлаб, Вазирлар Маҳкамасига юбориш ҳақидаги масалани депутатларнинг кўпчилиги қўллаб-қувватламади. Бу ҳақда депутат Расул Кушербоев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, депутатлар Сенат рад этган ушбу қонун лойиҳаси жамият учун муҳим ва амалиётда одамларни ортиқча сарсон бўлишини олдини олади, деб ҳисоблашмоқда.

“Бир қатор депутатлар ваколатдан фойдаланиб қонун лойиҳасини қайта қабул қилиб тўғридан-тўғри Президентга имзога юбориш зарурлигини билдиришмоқда”, дейди халқ вакили.

У шу кунгача депутатлар бу ваколатдан фойдаланишмаганини қўшимча қилган.

Рад этилган қонун лойиҳасида: 

•    ФҲДЁ органи томонидан никоҳ тузишга бир ойда рухсат берувчи қоидани чиқариб ташлаш;

•    эллик ёшдан ошган никоҳланувчи шахслар ёки ўртада боласи бўлган никоҳланувчи шахслар учун, шунингдек, ҳомиладор аёл ва унинг туғилажак боласини ўз боласи деб тан олувчи шахс учун тиббий кўрикдан ўтиш ихтиёрий эканлигини белгилаш кўзда тутилган.

“Бизнингча лойиҳадаги таклифлар ҳаётий ва зарур аҳамиятга эга”, дейди Кушербоев.

Эслатиб ўтамиз, Сенатнинг 4 август куни бўлиб ўтган йигирма тўққизинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонун сенаторлар томонидан рад этилганди. Сенаторлар қонун чала деган қарорга келганди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 604
Рейтинг: 3
t
×