Россияда ажрашганларни жаримага тортиш таклиф этилди

Олам

image

Брянск вилоят думасидаги “Ягона Россия” депутати Михаил Иванов россияликларни ажрашгани учун 40 минг рубль миқдорида жаримага тортишни таклиф қилди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

У бу ташаббусни Бутунжаҳон рус халқи кенгаши сессиясида тақдим этди. Шунингдек, у никоҳ тузаётган фуқароларга 20 минг рубль тўлашни таклиф қилиб, ажралиш жаримаси бюджетнинг қаттиқ шароитида “мувозанатлантирувчи омил” бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини таъкидлади.

“Ҳар қандай парламент ташаббуси бюджет маблағлари ҳисобидан чекланган, шу туфайли ҳеч бўлмаганда ажрашиш учун камида 40 минг рубль миқдорида жарима киритишимиз керак”, деди депутат.

У, шунингдек, Россия қонунчилигига “оналик ва болаликни обрўсизлантириш”ни тақиқлаш бўйича норма киритишни таклиф қилиб, “ҳаддан ташқари эркинликка чек қўйиш керак”лигини айтди.

Оила сиёсати мавзуси федерал парламентда ҳам фаол муҳокама қилинмоқда. Август ойида Давлат думасида ажрашган ота-оналарни боласини биргаликда тарбиялашда иштирок этишга мажбурловчи қонун лойиҳаси киритилди. Ҳужжатда Оила кодексига ота-оналар келишувга эриша олмаган ҳолларда “биргаликда тарбиялаш тартиби”ни судга мустақил белгилаш имконини берувчи модда билан ўзгартириш таклиф этилганди.

Россия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази берган маълумотларга кўра, мамлакат ўтган йили ажралишлар кўрсаткичи бўйича дунёда учинчи ўринни эгаллаган: ҳар ўн никоҳга саккизта ажралиш тўғри келади. Россияда 2020 йилда 564 минг 704 та, 2021 йилда 644 минг 209 та, 2022 йилда 682 минг 850 та ва 2023 йилда 683 минг 796 та ажралиш рўйхатга олинган. 2024 йилда ажралишлар сони 6 фоизга, яъни 644 мингтагача камайган, бироқ бир вақтнинг ўзида тузилган никоҳлар сони ҳам камайиб, 7 фоизга камайган.

2025 йилдан бошлаб Россияда ажрашиш учун тўлов 650 рублдан 5000 рублгача кўтарилди. Расмийлар тўловнинг қарийб саккиз бараварга ошганини “рус оилаларини мустаҳкамлаш” истаги билан изоҳлади.

Ажрашиш сабаби нималардан иборатлиги бўйича аҳоли орасида сўровнома ўтказилган. Унда қатнашган россияликларнинг учдан бир қисми (33 фоиз) ажралиш сабаблари сифатида қашшоқлик ва оиласини боқа олмасликни, 15 фоизи тушунмасликни, яна 14 фоизи хиёнат ва рашкни сабаб қилиб кўрсатган.

Психолог Алексей Рошин мамлакатдаги умумий “қўрқув ва ваҳима муҳити” ҳам сўнгги йилларда никоҳ барқарорлигига таъсир қилган бўлиши мумкинлигини айтган.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон жорий йилнинг 1 октябрь куни қонунчиликка ўзгартиришлар киритди ва никоҳни бекор қилиш учун давлат божи миқдорини оширди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Оила кодекси Михаил Иванов ажрим жаримаси Алексей Рошин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг