Қамоқдан чиққан Атамбоев баёнот берди
Олам
−
10 Октябрь 2020
24821Қирғизистоннинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбоев намойишчилар олдида чиқиш қилиб, ҳокимиятга интилмаётганини маълум қилди. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.
Атамбоевнинг сўзларига кўра, сиёсатчига ҳокимият керак бўлганида, у иккинчи президентлик муддатига ҳам сайланган бўларди.
“Мени кўпчилик, жумладан бошқа давлат Президентлари ҳам кўндиришга уринди. Мен атайин ҳокимиятни тинч йўл билан топшириш учун намуна бўлдим. Атамбоевги ҳокимият керак эмас. Барча ёшлар, сиз барчангиз менинг болаларимдексиз. Мен 2010 йилда ҳам вақтинчалик ҳукуматга қарши бўлганман, қонунсизлик бўлмаслиги керак”, деган у.
Шунингдек, Атамбоев пул тарқатмаётганини ҳам таъкидлаган.
“Мен эндигина қамоқдан чиқдим. Менинг рафиқамда Раисанинг барча ҳисобига тақиқ қўйилган. Менинг Раисам 500 сом қарз олди”, деган Атамбоев.
Маълумот учун, Қирғизистонда парламент сайловидан кейин бошланган намойиш вақтида озодликка чиқарилган Атамбоев Бишкекда “Форум” биноси олдида ўтказилаётган норозилик акциясига қўшилганди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди.
Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.
Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор.
Президент Сооронбай Жээнбеков юз бераётган тартибсизликлар бўйича баёнот бериб, баъзи сиёсий кучлар давлат ҳокимиятини ноқонуний равишда эгаллаб олишга уринганини айтиб ўтди.
Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.
Ҳозиргача Жўқорғу Кенеш спикери Дастан Жумабеков ва мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов истеъфога чиқди. Уларнинг ўрнига мухолифат вакиллари тайинланди.
Ўзбекистон қўшни Қирғизистонда юз бераётган воқеаларга муносабат билдириб, жиддий ташвишда эканини билдирди.
LiveБарчаси