Истанбулда меҳмонхона ёниб кетди (видео)
Олам
−
16:09 525 1 дақиқа
Бугун, 5 сентябрь куни Истанбулнинг Бакиркўй туманидаги олти қаватли меҳмонхонада юз берган ёнғинда 12 киши жароҳатланди, юқори қаватларда қолиб кетган 7 киши эса қутқарувчилар томонидан эвакуация қилинди. Бу ҳақда “TRT Haber” хабар берди.
Қайд этилишича, соат 06:30 атрофида Жевизлик маҳалласидаги Муҳасебечи кўчасида жойлашган олти қаватли меҳмонхонанинг биринчи қаватида номаълум сабаб билан ёнғин чиққан. Қисқа вақт ичида кучайган аланга юқори қаватларга тарқалиб, бинонинг ташқи фасадини ҳам қоплаган. Ҳодиса жойига ёнғин хавфсизлиги, полиция ва тез тиббий ёрдам экипажлари юборилган.
Юқори қаватларда қолиб кетган 7 киши ўт ўчирувчилар томонидан хавфсиз ҳудудга олиб чиқилган. Ёнғинда жароҳатланган 12 кишига тез ёрдам машиналарида дастлабки тиббий ёрдам кўрсатилган ва улар шифохонага юборилган.
Маълумотларга кўра, қутқарувчиларнинг қарийб бир соат давом этган ишлари ортидан ёнғин назоратга олиниб, тўлиқ ўчирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистон пойтахти Исломободдаги давлат шифохонасида ёнғин чиқиши оқибатида камида 14 нафар чақалоқ ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси