Исроилнинг ракета зарбалари 9 нафар фаластинлик боланинг ҳаётига зомин бўлди

Олам

image

Кеча, 10 май куни Исроил фаластинликларнинг ҲАМАС ҳаракатига жавобан Ғазо секторига ҳаво ҳужумини уюштирди. Бунинг оқибатида 22 фаластинлик араб ҳалок бўлди, 100 дан ортиғи жароҳатланди. Бу ҳақда Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги сайтида хабар берилди

“Исроилнинг ҳаводан Ғазога қилган давомли ҳужумлари оқибатида 22 фаластинлик ҳалок бўлди ҳамда 106 киши жароҳат олди”, дейилади баёнотда.

Вазирлик маълумотларига кўра, ҳалок бўлганлар орасида бир аёл ва тўққиз бола бор.

Эслатиб ўтамиз, 10 май куни фаластинликларнинг ҲАМАС ҳаракати Исроилнинг бир қатор шаҳарларини 45 та ракета билан ўққа тутди. Бироқ Исроилнинг ҳаво ҳужумига қарши “Темир гумбаз” мудофаа тизими ушбу 45 ракетанинг катта қисмини осмоннинг ўзида зарарсизлантирди. Баъзилари эса аҳоли яшаш пунктига тушди. 

Бунга жавобан Исроил томони дарҳол 130 та ракета билан ҲАМАС ҳаракати жойлашган Ғазо секторини ўққа тутди. Оқибатда эса таъкидланганидек, фаластинлик болалар ва аёллар ҳалок бўлди.

Қуддусдаги вазиятнинг кескинлашиши

Қайд этиш керакки, ҲАМАСнинг ҳарбий ҳаракатларига Исроилнинг босиб олинган Қуддус шаҳридаги провокацион зўравонликлари сабаб бўлган.

Гап шундаки, 7 май – Рамазон ойининг охирги Жума куни, Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди атрофида тартибсизликлар бошланди. Бунга Исроил полицияси томонидан фаластинликлар таровеҳ намозини ўқиётган ушбу масжидга ҳужум қилгани сабаб бўлди. Бундан ташқари, Исроил суди Шайх Жарроҳ маҳалласида яшовчи араб оилаларини кўчириш тўғрисида қарор чиқарган. Чунки бу ерларга яҳудийлар даъво қилиб келади.

Қизил ярим ой жамиятининг маълумотларига кўра, Исроил полициясининг зўравонликлари оқибатида 700 дан ортиқ киши жароҳатланган, шундан 333 нафари шифохонага ётқизилган

Халқаро ҳамжамият Қуддусдаги воқеаларга тезда муносабат билдирди. БМТ Хавфсизлик Кенгаши 10 май куни Фаластиндаги можароларга бағишланган йиғилиш ўтказди, аммо якунда ҳеч қандай баёнот қабул қилинмади.

Ўз навбатида, мунтазам равишда фаластинликлар томонида турувчи Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған исломий мамлакатлар ва бутун дунё жамоатчилигини оккупация қилинган Шарқий Қуддусдаги фаластинликларни ўз уйларидан зўрлик билан чиқариб юбораётган Исроилнинг агрессив ҳаракатларига нисбатан самарали қаршилик кўрсатишга чақирди. Кейинроқ Эрдўған Исроилнинг ҳаракатларини “террор“, деб баҳолади

Туркия Президентидан сўнг, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Исроил расмийларининг Шарқий Қуддусдаги ҳарбий амалиётини “қонунбузарлик” деб атаб, улар содир бўлган воқеа учун фаластинликлардан кечирим сўраши кераклигини таъкидлади

Қатор мусулмон давлатлар умумий равишда Исроил халқаро ҳуқуқ нормларини бузаётганини айтиб, норозилик билдирди. Уларнинг орасида Иордания, Покистон, Саудия Арабистони, Миср, Қатар, Баҳрайн ва БАА бор.

Ўз навбатида, Исроил Бош вазири дунё ОАВни воқеалар ривожини нотўғри талқин қилганликда айблаб, мамлакат полициясининг зўравонликларини қўллаб-қувватлаган эди.

Бундан ташқари Исроил расмийлари можаролар бошланиши билан тутинган акаси АҚШдан вазиятга аралашмаслик ва халқаро босим ўтказмасликни сўради. Вашингтон эса ҳар икки томонни ҳам вазиятда айбдор деб, можарони тугатишга чақирди. Европа Иттифоқи эътиборини фаластинликларнинг ноқонуний кўчирилишига қаратди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

125

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг