Исроилнинг Ғазога қилган ҳужумида ҲАМАСнинг яна бир қўмондони ҳалок бўлди (видео)
Олам
−
13 Июль
6830Исроилнинг авиация қўшинлари Хон Юнусдаги Ал-Мавоси ҳудудига қилган ҳужумлари оқибатида ҲАМАС бўлинмаларидан бирининг қўмондони Рафа Салама ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, жами 71 киши ҳалок бўлган, 280 дан ортиқ киши жароҳатланган. Ғазо жанубидаги Хон Юнус шаҳри яқинидаги ҳужумдан мақсад ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти раҳбари Муҳаммад Дейфни нишонга олиш бўлгани айтилмоқда. Унинг омон қолгани ҳали номаълум.
“Дейф ўлдирилганми ёки йўқми номаълум. Биз ҳали ҳам зарба оқибатларини текширяпмиз ва у бўйича маълумотларни тасдиқлаймиз”, деган ҳарбий амалдордан бири.
Маълумот учун, Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги уруш 2023 йил 7 октябрдан бери давом этмоқда. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроилнинг зарбалари оқибатида 38 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган. Ўтган ҳафтада Исроил Мудофаа вазирлиги Ғазо сектори ва Миср чегарасидан қўшинларни олиб чиқишга рухсат берди. “The Washington Post” нашрининг ёзишича, можаро томонлари сулҳнинг биринчи босқичидаги асосий масалалар бўйича келиша олган. Томонлар уни амалга ошириш тафсилотларини муҳокама қилмоқда. Бироқ бошқа америкалик расмийларнинг нашрга тушунтиришича, бу келишув имзоланади, дегани эмас.
Эслатиб ўтамиз, аввалропқ ҲАМАС қўмондони Муҳаммад Жобир Абдо ва уч нафар аскар Рамаллоҳ яқинидаги қишлоқда Исроил кучлари билан тўқнашув чоғида ҳалок бўлгани хабар қилинганди. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху эса мамлакат армияси ҲАМАСнинг Ғазо секторидаги ҳарбий тузилмасини йўқ қилиш ишларини якунлаш арафасида эканини айтганди.