Исроилга Суриядан ракета ҳужуми уюштирилди
Олам
−
11 Октябрь 2023
23952Исроил мудофаа кучлари Суриядан мамлакатга бир неча марта ракета ҳужуми уюштирилганини даъво қилди. Бу ҳақда мамлакат мудофаа кучларининг Telegram-каналида маълум қилинди.
Ҳарбийларга кўра, Исроил томонидан жавоб чоралари кўрилган. Вазиятга оид бошқа тафсилотлар эса очиқланмаган.
“Мудофаа кучлари аскарлари Сурияга артиллерия ва миномётлар билан жавоб қайтармоқда”, дейилган бу ҳақдаги хабарда.
Сурия томони эса вазиятга изоҳ бермаяпти.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланган. Кейинчалик ҲАМАС ҳаракати Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади. Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.
Олдинроқ АҚШ Қуролли кучлари штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси Чарльз Браун Эронни Исроилдаги можарога аралашиши оқибатларидан огоҳлантирганди. NBC телеканали эса Америка маъмурияти Украина учун қўшимча молиялаштириш ва Исроилга ёрдам сўровларини бирлаштириш имкониятини кўриб чиқаётганини хабар қилди.