АҚШ Украина ва Исроилга ёрдам сўровларини бирлаштириб юбормоқчи – NBC
Олам
−
10 Октябрь 2023
5756Америка маъмурияти Украина учун қўшимча молиялаштириш ва Исроилга ёрдам сўровларини бирлаштириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда АҚШ ҳукумати ва Конгрессдаги манбаларига таяниб, NBC телеканали хабар берди.
Киевга кейинги ёрдам кўрсатиш тарафдори бўлган қонунчиларнинг фикрича, бу ёндашув Америка қонун чиқарувчи органи Вакиллар палатаси ва Сенатдаги республикачилар ўртасида Киевни қўллаб-қувватлашга қаршиликларни енгиб ўтади. Таъкидланишича, Яқин Шарқдаги вазиятнинг ёмонлашуви фонида Исроилга ҳарбий ёрдам кўрсатиш учун маблағ сўраш Капитолий тепалигида жиддий баҳс-мунозараларга сабаб бўлмаслиги ва маъқулланиши мумкин.
Америка маъмуриятидаги манбага кўра, Оқ уй ҳали ҳам Украина ва Исроилга ёрдамни боғлашнинг сиёсий мақсадга мувофиқлигини баҳоламоқда. Унинг таъкидлашича, ҳар қандай ҳолатда ҳам якуний қарор Конгрессда қолади.
Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби эса Байден маъмурияти Украина учун қўшимча маблағ ажратиш сўровини тасдиқлашни давом эттиришини маълум қилган. Билдирилишича, агар керак бўлса, Оқ уй қонунчиларга Исроилга нисбатан ҳам худди шундай сўров юборади.
Маълумот учун, жорий йилнинг 1 октябрь куни АҚШ Конгресси федерал ҳукумат ёпилишига йўл қўймаслик мақсадида Украинага ёрдам кўрсатишни назарда тутмайдиган 45 кунлик (17 ноябргача) бюджет лойиҳасини қабул қилган. Оқ уй ва Конгрессдаги демократлар Киевга кўмакни тўхтатишни хоҳламаса-да, республикачилар бунга тўсқинлик қилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланганди. Кейинчалик ҲАМАС ҳаракати Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь