Пентагон Эрондан Исроилдаги можарога “бурун суқмаслик”ни сўради
Олам
−
10 Октябрь 2023
10467АҚШ Қуролли кучлари штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси Чарльз Браун Эронни Исроилдаги можарога аралашиши оқибатларидан огоҳлантирди. Унинг сўзларини “Reuters” келтирмоқда.
“Биз Эронга жуда аниқ мессеж юбормоқчимиз. Исроилдаги можаронинг янада кенгайишини истамаймиз. Мақсадимиз Теҳрон бизнинг баёнотларимизга қулоқ солишидир”, деган Браун журналистларга.
Аввалроқ “Reuters” агентлиги Пентагонга таяниб, Чарльз Браун ва Исроил Бош штаби бошлиғи Герци Ҳалеви ўртасидаги телефон суҳбати ҳақида хабар берган эди.
Улар ҲАМАС жангчиларининг Исроилга яқинда уюштирган ҳужумлари ва АҚШнинг Яқин Шарқ минтақасида ҳарбий позициясини мустаҳкамлаш чораларини муҳокама қилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланганди. Кейинчалик ҲАМАС ҳаракати Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди.
Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.
Шунингдек, ҲАМАС асирга олинган исроилликлардан АҚШ ва Исроил қамоқхоналарида сақланаётган фаластинликларни озод қилиш бўйича музокараларда фойдаланишни режалаштирмоқда.
Ҳозирда Ғазо секторида 187 мингдан ортиқ аҳоли ўз уйларини ташлаб кетди. Икки томондан қурбонлар сони 1600 дан ошган.
LiveБарчаси