Исроил Мудофаа вазири Ғазо тўлиқ блокадага олинганини эълон қилди
Олам
−
09 Октябрь 2023
9484Бугун, 9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. Бу ҳақда “Times of Israel” хабар берди.
“Мен Ғазо секторини тўлиқ блокада қилиш ҳақида буйруқ бердим. Электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмайди, ҳамма нарса ёпилади”, деган вазир Беэр-Шевадаги жанубий ҳарбий округи қароргоҳида.
Маълумот учун, жорий йилнинг 7 октябрь куни Исроил Энергетика вазири Исраэль Кац Ғазо секторига электр энергияси етказиб беришни чеклаш ҳақидаги фармонни имзолаган. Бош вазир Биньямин Нетаньяху эса Исроил армияси ҲАМАСнинг имкониятларини йўқ қилиш учун бор кучини ишга солишини айтган.
“Бу ёвузлик шаҳрида ҲАМАС жойлашган барча жойлар, ҲАМАС яширинган ва фаолият юритадиган барча жойларни биз харобага айлантирамиз”, деган Нетаньяху.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланганди. Кейинчалик ҲАМАС ҳаракати Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. Ғазодаги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, Исроил ҳужумларида 490 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 2750 дан ортиқ киши жароҳатланган. Бундан ташқари, 7 октябрдан бери босиб олинган Ғарбий Соҳилда Исроилнинг ўққа тутилиши оқибатида 15 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Шунингдек, Исроил матбуоти 800 киши ҳалок бўлгани ва 2300 дан ортиқ исроиллик жароҳат олгани ҳақида хабар берган.
Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь