Исроил Эроннинг “Ал-Қудс” генералини ҳам ўлдирди – ОАВ
Олам
−
13 Июнь 6362 3 дақиқа
Бугун, 13 июнь куни Исроил томонидан Эронга уюштирилган ҳужум оқибатида “Ал-Қудс” махсус бўлинмасининг қўмондони, Ислом инқилоби соқчилари корпуси генерали Исмоил Қааний ҳалок бўлди. Бу ҳақда эронлик икки нафар манбага таяниб, “The New York Times” нашри хабар берди.
Қааний 2020 йил Бағдодда АҚШ зарбаси оқибатида аввалги қўмондон Қосим Сулаймоний ўлдирилганидан сўнг “Ал-Қудс” бўлинмаси бошқарувини қўлга олган эди. Бунгача у узоқ йиллар давомида Сулаймонийнинг ўринбосари бўлиб ишлаган.
“Ал-Қудс” – бу Ислом инқилоби соқчилари корпуси таркибидаги хорижий махсус операциялар бўлинмаси бўлиб, Яқин Шарқ ва бошқа ҳудудлардаги Эрон иттифоқчиларининг фаолиятини мувофиқлаштириш билан шуғулланади.
Тахминан 70 ёшли Қааний Машҳадда туғилган, 1980 йиллардаги Эрон-Ироқ уруши ҳамда Афғонистон ва Покистондаги операцияларда иштирок этган. У 1997 йилдан бошлаб Сулаймонийнинг ўринбосари сифатида хизмат қилган.
“Reuters” манбаларининг таъкидлашича, Қааний ҳеч қачон Сулаймонийнинг обрўсига эга бўлмаган ва Эроннинг араб дунёсидаги иттифоқчилари билан ҳам шунчалик яқин алоқаларни ўрнатмаган. Лавозимга келганидан сўнг, у Америка қўшинларини Яқин Шарқдан ҳайдаб чиқаришга ваъда берган эди.
“Fox News” нашрининг ёзишича, Исроил Эрон ҳарбий қўмондонларини алдов йўли билан бир жойга жамлаб, улар устига зарба берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Эроннинг “ядровий дастурига қарши” зарба берганини эълон қилган эди. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг айтишича, операциянинг мақсади “Эрон ядровий инфратузилмасига, баллистик ракета ишлаб чиқарувчи заводларига ва ҳарбий салоҳиятига зарар етказиш” бўлган.
Ҳужум оқибатида Эрон ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони генерал-майор Ҳусайн Саламий ҳалок бўлди. IRNA ва “Tasnim” ахборот агентликлари хабарига кўра, шунингдек, Эрон Атом энергияси ташкилотининг собиқ раҳбари Ферейдун Аббосий ва Исломий Озод университети президенти Муҳаммад Меҳди Теҳрончий ҳам вафот этган.
Эроннинг давлат IRIB телеканали ҳам Натанздаги ядровий дастур учун муҳим бўлган объектларда бир нечта портлашлар содир бўлганини хабар қилди.
Эрон ҳукумати эса Исроил томонидан ўз ҳудудига уюштирилган, тинч аҳоли, жумладан, олимлар ва ҳарбийлар ҳалок бўлган зарбаларига қаттиқ жавоб беришини маълум қилди.
Ўзбекистоннинг Эрон ва Исроилдаги элчихоналари ушбу мамлакатлардаги фуқароларга огоҳлантириш билан чиқиб, қатъий эҳтиёт чораларини кўришга чақирди.
Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам фуқароларга тегишли мурожаат билан чиқди.
Орадан бироз вақт ўтиб эса, Исроил Эронга қарши навбатдаги ҳужумларини ҳам бошлади. У Эрон шимоли-ғарбига янги ва кенг кўламли зарбалар берди. Ушбу ҳужумлар дронлар ёрдамида амалга оширилган. Табриз аэропорти яқинидаги темирйўл иншоотларига зарар етган, бу ҳудудда ҳаво мудофаа базалари жойлашган.