Исроил Эрон томонидан бўладиган ҳужумга тайёрланяпти –ОАВ
Олам
−
03 Январь 2021
7308Исроил армияси Ироқ ва Ямандаги Эрон қўллаб-қувватлаётган жангарилар томонидан уюштирилиши мумкин бўлган ҳужумга тайёрланяпти. Бу ҳақда “Анадолу” агентлиги Исроил жамоатчилик телевидениесига (KAN) таяниб, хабар берди.
KAN`нинг аниқлик киритишича, Исроил мудофаа армиясининг юқори мартабали вакиллари ўтган ҳафтада мамлакатга ракета ва дронлар ёрдамида ҳужум қилиш имкониятларини кўриб чиққан.
Ироқ жангарилари ёки Яман хуситлари яҳудийлар давлатига ҳужум қилиши мумкинлиги таъкидланяпти.
Исроил Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Авив Кохави ядрошунос олим Муҳсин Фахризода ўлимида расмий Тел-Авивни айёблаётган Эронни огоҳлантирган. Кохави Эрон ёки унинг радикал тарафдорлари томонидан бўладиган ҳар қандай ҳужумга жиддий жавоб қайтарилишини айтган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 27 ноябрь куни Эрон ядро дастури муаллифларидан бири бўлган ядрошунос олим Муҳсин Фахризода мамлакат пойтахти яқинидаги Абсард аҳоли пунктида террорчилар ҳужуми қурбони бўлди.
Эрон Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф Исроилнинг ядрочи олим қотиллигига алоқадорлигини эълон қилиб, халқаро ҳамжамиятни, хусусан Европа Иттифоқини икки томонлама стандартлар сиёсатига барҳам беришга ва “давлат терроризми” ҳаракатини қоралашга чақирди.
Эронда олимнинг ўлими муносабати билан 40 кунлик мотам эълон қилинди. Эрон парламенти эса мамлакатнинг ядро фаолиятини тиклаш бўйича лойиҳанинг умумий қоидаларини маъқуллади.
Шунингдек, БМТ Эронда мамлакатнинг ядро дастури раҳбарларидан бири бўлган физик Муҳсин Фахризоданинг ўлдирилиши муносабати билан дунё мамлакатларига мурожаат қилиб, эҳтиёткор бўлишга чақирди.
Олим масофадан бошқариладиган қуролдан ўлдирилгани ҳақида ҳам фикрлар билдирилди. Яъни ҳужум вақтида қотиллик ижрочиларидан ҳеч ким бўлмаган.
LiveБарчаси