ОАВ: Эрон парламенти ядро фаолиятини қайта тиклаш лойиҳасини маъқуллади
Олам
−
01 Декабрь 2020
3743Эрон парламенти мамлакатнинг ядро фаолиятини тиклаш бўйича лойиҳанинг умумий қоидаларини маъқуллади. Бу ҳақда “Fars” агентлиги хабар берди.
Агентликка кўра, жорий йилнинг 24 ноябрь куни бўлиб ўтган парламент йиғилишида 251 депутат санкцияларни бекор қилиш бўйича стратегик чора, деб номланган лойиҳани ёқлаб овоз берди. Ядро муҳандиси Муҳсин Фахризода ўлдирилганидан сўнг, қонун лойиҳасини тезкор асосда кўриб чиқишга қарор қилинган.
Қонун лойиҳасида мамлакатда йилига 120 килограмм уранни 20 фоизга бойитиш билан уран ишлаб чиқариш ва тўплаш (20% дан юқори уран қурол даражасида ҳисобланади), шунингдек ойига камида 500 килограмм кам бойитилган уран ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Айни пайтда Эрон уранни шартномада назарда тутилган 3,67 фоиз ўрнига 4 фоиздан юқори даражада бойитмоқда.
Бундан ташқари, парламент аъзоларининг таъкидлашича, уранни бойитиш учун ИР-2М ва ИР-6 центрифугаларидан фойдаланиш режалаштирилган. Ядровий келишув эса биринчи авлод ИР-1 центрифугаларидан фойдаланишни ўз ичига олади.
Лойиҳа Аракдаги 40 МВт оғир сув реакторини “оптималлаштириш”ни ва тиббий мақсадлар учун радиоизотоплар ишлаб чиқариш мақсадида яна 40 МВт оғир сув реакторини қуришни ўз ичига олади. Келишув Аракдаги мавжуд реакторни радиоизотоплар ишлаб чиқариш учун қайта лойиҳалашдан иборат, шунда у қурол даражасидаги плутонийни ишлаб чиқармайди.
Маълумот ўрнида, қонун лойиҳасини ратификация қилиш учун Эронда қонун лойиҳаларини текширадиган махсус парламентдан ташқари ҳокимият органи – Конституция Ҳимоячилар Кенгашининг розилиги ҳам талаб қилинади.
Эслатиб ўтамиз, аввароқ Эрон Мудофаа вазирлиги ядровий физик Муҳсин Фахризода ўлдирилгани ҳақида хабар берган эди. У Эрон пойтахти яқинидаги Абсард аҳоли пунктида террорчилар ҳужуми қурбони бўлди.
Эрон Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф Исроилнинг ядрочи олим қотиллигига алоқадорлигини эълон қилганди. У халқаро ҳамжамиятни, хусусан Европа Иттифоқини икки томонлама стандартлар сиёсатига барҳам беришга ва “давлат терроризми” ҳаракатини қоралашга чақирди.
Кейинчалик, ядрочи олимининг ўлимидан сўнг, Эрон АҚШ ва Исроилни огоҳлантирди. “Эрон ўз халқи ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча зарур чораларни кўриш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади”, дейилади Ислом Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий вакили Мажид Тахт-Раванчининг БМТ Бош котиби ва Хавфсизлик Кенгаши Раисининг номига юборган мактубида.
Эронда олимнинг ўлими муносабати билан 40 кунлик мотам эълон қилинди.
Шунингдек, БМТ дунё мамлакатларига Эронда мамлакатнинг ядро дастури раҳбарларидан бири бўлган физик Муҳсин Фахризоданинг ўлдирилиши муносабати мурожаат қилиб, эҳтиёткор бўлишга чақирди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь