Исроил АҚШни Ливандаги операция ҳақида огоҳлантирган – CNN
Олам
−
19 Сентябрь
2958Исроил расмийлари “Ҳизбуллоҳ” ташкилоти аъзоларига тегишли пейжерлар ва бошқа жиҳозларнинг кетма-кет портлашидан сал олдин Қўшма Штатларни огоҳлантирган. Бу ҳақда манбасига таяниб, CNN хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, АҚШнинг бир қатор юқори мартабали раҳбарлари бўлажак операция ҳақида огоҳлантирилган, жумладан Пентагон раҳбари Ллойд Остинга исроиллик мавқедоши Йоав Галант қўнғироқ қилган. Лекин, Исроил операция тафсилотларини ошкор қилмаган.
“Операция ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаганлиги, АҚШ расмийлари юзлаб портлаган пейжерлар ҳақида хабарлар пайдо бўлгунга қадар “қоронғида” бўлганини англатарди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 17 сентябрь куни Ливаннинг турли ҳудудларида “Ҳизбуллоҳ” аъзоларининг пейжерлари портлаган эди. Ҳодиса оқибатида 2,8 мингга яқин одам жароҳат олган, 12 киши ҳалок бўлган, улар орасида 10 ёшли қиз ҳам бор. Ливан хавфсизлик хизматидаги юқори мартабали манба ва бошқа суҳбатдошига таяниб, “Reuters” Исроилнинг “Моссад” разведка хизмати пейжер портлашларидан бир неча ой олдин Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати томонидан буюртма қилинган Тайваннинг Gold Apollo компаниясининг 5000 пейжерига оз миқдорда портловчи моддалар ўрнатганини хабар берди. Gold Apollo компанияси эса “Ҳизбуллоҳ” томонидан буюртма қилинган пейжерларни ишлаб чиқаришга алоқаси йўқлигини айтди. Унга кўра, Будапештда рўйхатдан ўтган BAC Consulting KFT компанияси билан шартнома тузилган бўлиб, BAC Тайвань брендидан фойдаланиши мумкин, лекин маҳсулотни мустақил равишда ишлаб чиқаради. АҚШ Мудофаа вазирлиги ҳам Ливанда “Ҳизбуллоҳ” аъзолари томонидан фойдаланиладиган пейжерларнинг оммавий портлашига алоқадорлигини рад этди.
Кеча, 18 сентябрь куни эса Ливан шарқидаги Бекаа ҳудудида алоқа воситалари оммавий тарзда портлаб кетди. Ҳодиса оқибатида 3 киши ҳалок бўлган.
Эртага, 20 сентябрь куни тушдан кейин Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши Ливандаги воқеаларни муҳокама қилиш учун фавқулодда йиғилиш ўтказади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь