Испания термасидаги дебют ўйиним айнан Ўзбекистонга қарши бўлган – Хосе Венансио Лопес
Спорт
−
20 Сентябрь 2023
3374Бугун, 20 сентябрь куни Ўзбекистон футзал миллий терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланган Хосе Венансио Лопес мазкур тайинлов ва янги шогирдларининг имкониятлари ҳақида гапирди.
“Аввало, Ўзбекистон терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланганимдан хурсандман. ЎФА раҳбарияти мамлакатда футзал бўйича улкан лойиҳа амалга оширилаётганини айтди. Ҳозирча фақатгина ташкилий ишлар билан банд бўламан, жамоа билан Осиё кубоги саралаш босқичидан сўнг машғулотларни бошлайман. Унга қадар мураббий Баҳодир Аҳмедов жамоа билан ишлайди. Ўйлайманки, бир жамоа бўлиб ишласак, албатта, кўзланган натижага эришамиз”, дейди Хосе Венансио Лопес.
Венансионинг айтишича, у Ўзбекистон терма жамоаси билан яхши таниш. Чунки Лопеснинг Испания терма жамоаси мураббийи сифатидаги дебют ўйини айнан Ўзбекистонга қарши бўлган.
“Литвадаги Жаҳон чемпионати олдидан Испанияда ташкил этилган йиғинда ҳам жамоанинг услубини ўрганиб чиққанмиз”, дейди мураббий.
Шунингдек, янги мураббий терманинг аввалги устози Баҳодир Аҳмедовнинг жамоа билан бунгача олиб борган фаолиятини юқори баҳолади.
“Энг муҳими, Ўзбекистонда футзал ривожланиб бормоқда. Испаниялик Хосе Мария Мендез бу ерда фаолият юритган. У менинг яқин дўстим ва жуда кучли мутахассис бўлиб, у бошлаган ишни Баҳодир Аҳмедов ҳам аъло даражада давом эттирди. Яхши шаклланган жамоага бош мураббий этиб тайинланганимдан хурсандман. Футзалчиларнинг даражаси анчагина юқори. Ҳимояда ҳаракатланиш ва ҳужумга тезкорлик билан ўтиш устида алоҳида ишлаймиз”, дейди Венансио.
Анжуманда сўз олган ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов янги мураббий билан кўзланган асосий мақсадларга тўхталиб ўтди.
“Жаҳон чемпионатида иштирок этишимиз аниқ, бироқ Осиё кубогида энг юқори мақсадни кўзлаганмиз. Шартнома Жаҳон чемпионати охирига қадар имзоланди. Ўйлаймизки, мундиалда муносиб қатнашамиз. Терма жамоалар марказида футзал учун ҳам шароит яратилади. Барча миллий терма жамоаларимизни биргаликда ривожлантирамиз”, дейди Равшан Эрматов.
Айтиш жоиз, эндиликда Баҳодир Аҳмедов Хосе Венансио Лопеснинг ёрдамчиси сифатида фаолият юритади, унинг штабидаги барча мураббийлар ўз ишини давом эттиради. Бундан ташқари жамоага физиотерапевт ва таҳлилчи мураббий ҳам таклиф этилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь